Курск области раҳбари ўзгаргани ҳақида пайшанба куни кечқурун маълум бўлди. Ахборот агентликлари Владимир Путин област бошқарувига 50 ёшли Александр Хинштейн номзодини таклиф қилгани ҳақида хабар тарқатди — у кўп йиллар Нижегород ва Самара областларидан Давлат думасига сайланган, ахборий сиёсат бўйича қўмитага раҳбарлик қилган, 2016-2018 йилларда эса Росгвардия раҳбари Виктор Золотовга маслаҳатчилик қилган.

Хинштейн билан учрашуви видеосида Путин ушбу депутатнинг Росгвардия пиарчиси сифатида ишлаган даврини алоҳида эътироф этганини кўриш мумкин.

«Шу туфайли сизга Курск области губернатори вазифасини бажарувчи лавозимини таклиф этмоқчиман, чунки у ерда инқирозни бошқаришга зарурат юзага келган», — деган Путин.

Унинг сўзларига кўра, Курск области «озод этилиши» баробарида регион раҳбари ҳозирда Украина қуролли кучлари амалиёти давом этаётган ҳудудда тиклаш ишларини олиб бориши, шунингдек, маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил қилиши керак бўлади.

Хинштейн регионни 200 кундан кўпроқ вақт давомида бошқарган Алексей Смирнов ўрнини эгаллади. У бу лавозимга 2024 йил майида «в.б» сифатида тайинланганди. Сентябр ойида эса Смирнов регион губернаторлиги учун сайловда ғолиб чиққанди. 6 август куни Украина қуролли кучлари Курск областига бостириб кириб, бир неча районда мустаҳкам ўрнашиб олгани, шу туфайли 120 минг кишини эвакуация қилишга тўғри келганига қарамай, областда сайлов ўтказилганди.

Хинштейнни тайинлаш тўғрисидаги фармонда ундан олдинги раҳбар Алексей Смирнов «ўз хоҳишига кўра» истеъфога чиққани кўрсатилган. 

Губернатор Смирнов нима билан ёдда қолди?

Смирнов «раҳбарият қарори» билан бошқа ишга ўтаётганини маълум қилди, ҳолбуки Путиннинг Хинштейнни тайинлаш бўйича фармонида Смирновнинг ўзи истеъфо сўрагани кўрсатилган. Смирнов қайси лавозимга ўтказилгани бўйича ҳозирча маълумот йўқ.

Смирновнинг Курск областидаги қисқа фаолияти бир неча можаро билан ажралиб турди. Хусусан, Украина билан чегара бўйлаб ўрнатилган истеҳкомлар катта маблағ сарфланганига қарамай, украин армияси юришини тўхтатишга яроқли эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, маҳаллий расмийлар Украина қуролли кучлари босқинидан кейин регионнинг чегарадош ҳудудларидан аҳолини зудлик билан эвакуация қилишни ташкил эта олмаган.