Путин Суриядаги фуқаролар уруши давомида Башар Асадни қўллаб-қувватлади ва 2015 йил сентябридан бошлаб бу ерда Россиянинг йирик ҳарбий контингенти жойлаштирилди. Тахминларга кўра, 2024 йил бошига келиб, бу контингент сони 7,5 минг кишига яқинлашган. Асад режими қулагач, контингент тақдири катта савол остида қолди.

Россия авиацияси режимнинг сўнгги кунига қадар Асад қўшинларини қўллаш учун жанговар парвозлар амалга оширди. ​ Фото: AFP

BBC рус хизмати Россия ўз ҳарбийларини Суриядан хавфсиз олиб чиқа олиши ёки йўқлиги хусусида таҳлилий мақола эълон қилди.

Суриядаги Россиянинг икки энг йирик ҳарбий объекти — Тартусдаги ҳарбий-денгиз базаси ва Латақиядан тахминан 20 км жануби-шарқда жойлашган Ҳмеймим ҳарбий-ҳаво базасидир. Россия томони таъкидлашича, Тартусдаги объект тўлиқ қийматли база эмас, балки кемаларга техник хизмат кўрсатиш пункти ҳисобланади.

Ушбу икки йирик объектдан ташқари, уларнинг атрофида турли ёрдамчи позициялар ва блокпостлар жойлаштирилган бўлиши мумкин.

2017 йилда Москва ва Дамашқ Тартус ва Ҳмеймим базаларидан 49 йил давомида — 2066 йилгача фойдаланиш бўйича келишув имзолаганди. Бироқ ҳозирги вазиятда улар Россия ихтиёрида қоладими-йўқми, бу ҳақда аниқ гапириш қийин.

Россия раҳбарияти ушбу базалардан фойдаланишни давом эттириш бўйича аниқ режалар қурмаётганини билдирмоқда. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков душанба куни Москва уларнинг тақдирини Дамашқдаги янги ҳукумат билан муҳокама қилишини айтди.

Россия авиацияси Башар Асад режимининг танячи эди, энди унинг мамлакатда қолиши савол остида. Фото: AFP

Бундан сал аввалроқ Россия Туркиядан Суриядаги ҳарбий кучларини хавфсиз эвакуация қилишда ёрдам сўради, деб хабар берди CNN Turk. Бироқ гап йирик базалар эмас, балки мамлакатнинг турли ҳудудларида жойлашган алоҳида позициялардаги ҳарбийлар ҳақида кетмоқда.

Бир неча ҳафта муқаддам Россия қўшинлари Суриянинг турли нуқталарида жойлашганди. Бу объектлар ўртасидаги масофа юзлаб километрни ташкил қилган. Ҳозирда Россиянинг айрим бўлинмалари асосий кучлардан узилган ҳолда қолган бўлиши мумкин.