НАТО Эстония ва Финландия ўртасидаги Estlink 2 сувости электр кабелига зарар етказилгани фонида Болтиқ денгизидаги ҳарбий иштирокини кучайтиради. Бу ҳақда ташкилот бош котиби Марк Рютте маълум қилди.

«Финландия президенти Александер Стубб билан сувости кабелларига шикаст етказилгани бўйича давом этаётган тергов ҳақида гаплашдим. Ўзимнинг тўлиқ бирдамлигим ҳамда қўллаб-қувватловимни билдирдим. НАТО Болтиқ денгизидаги ҳарбий иштирокини кучайтиради», — деб ёзади Рютте Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига.

Стубб администрациясининг маълум қилишича, Финландия ва Эстония минтақада, айниқса, муҳим сувости инфратузилмалари яқинида НАТО кучларини ошириш заруратига қўшилган. Ҳелсинки ҳозирча сувости кабели қўпорувчилик ҳаракати натижасида шикастланганини аниқ айта олмайди.

Бир неча кун олдин Эстония ва Финландия ўртасидаги Estlink 2 электр кабелида носозлик кузатилди — бу Болтиқ денгизида жорий йил давомида қайд этилган учинчи ҳолатдир.

Ҳонгконг байроғи остида сузувчи Xin Xin Tiang 2 кемаси узилиш содир бўлган жой яқинида пайқалган. Yle медиа-компаниясининг маълумотларига кўра, яна бир кема — Estlink 2 кабели ҳудудида Кук ороллари байроғи остида Санкт-Петербургдан Мисрга йўл олган ва ҳодиса аниқланганда сезиларли даражада секинлашган Eagle S. 26 декабр куни эса Fingrid оператори Estlink 2 электр кабели бир неча ой давомида ишламаслигини хабар қилди.