2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда расмий инфляция 9,8 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ўтган йилда озиқ-овқат нархлари 2,4 фоизга (2023 йилда – 9,7 фоиз), ноозиқ-овқат товарлар 7,7 фоизга (7,7 фоиз), хизматлар нархи эса 26,7 фоизга (8,7 фоиз) ошган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши
Расмий статистикага кўра, ўтган йил давомида гуруч 6,3 фоизга, буғдой уни 3,9 фоизга, шакар 3,7 фоизга, тухум 7,3 фоизга арзонлашган.
Ўз навбатида бир қатор асосий турдаги товарларнинг баҳоси сезиларли даражада қимматлашган:
- Суякли мол гўшти – 13,3 фоиз;
- Қўй гўшти – 14,6 фоиз;
- Товуқ гўшти – 1 фоиз;
- Кунгабоқар ёғи – 14,6 фоиз;
- Пахта ёғи – 15,3 фоиз;
- Сут – 6 фоиз;
- Кефир – 6,6 фоиз;
- Оқ қанд – 2.8 фоиз;
- Тирик, совитилган балиқ – 6,8 фоиз;
2024 йил давомида бақлажон, лимон, помидор ва бодринг, булғор қалампири, банан нархларида пасайиш қайд этилган. Картошка, саримсоқ, сабзи, пиёз, мандарин, кўкатлар нархлари эса 1,4-39,9 фоиз оралиғида ўсган.

Энергетика ресурслари нархларининг ўзгариши
Ўтган йилда умумий инфляцияга энг кўп таъсир қилган омил – энергетика ресурслари нархларининг ошиши бўлди. Хусусан, 2024 йилда турар жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғи турларининг нархи қуйидагича ўзгарган:
- Таъмирлаш ва турар жойларга хизмат кўрсатиш – 10,3 фоиз;
- Иситиш тизими – 36 фоиз;
- Иссиқ сув таъминоти – 32,1 фоиз;
- Табиий газ – 129 фоиз;
- Электр энергияси – 67 фоиз;
- Чиқиндиларни йиғиш – 54,7 фоиз.
Статистика органига кўра, ўтган йилда бензин нархи 5,9 фоизга, пропан нархи 30,9 фоизга, метан нархи 21 фоизга қимматлашган.












