4 январ куни Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Тошкент шаҳридаги автобусларда 2025 йил 1 январдан бошлаб йўлкирани нақд пулда тўлаш амалиёти тугатилишига оид расмийлар билан интервю эълон қилди. Унда Транспорт назорат инспекциясининг пойтахт ҳудудий бўлими инспектори Салимжон Нишонбоев нақд пулда тўлов қилувчилар жаримага солинишини айтиб ўтган. (Ҳозирда хабар таҳрир қилиниб, чиптасиз йўловчилар жаримага солиниши қайд этилган – таҳририят)
Нишонбоев нақд тўловларни қабул қилишда ҳайдовчилар учун ҳам, йўловчилар учун ҳам маъмурий жавобгарлик назарда тутилганини эслатган. Инспектор интервюда бундай ҳолатларда дастлаб йўловчилар ва ҳайдовчилар огоҳлантирилиши, кейин эса улар МЖтКнинг 144 (Чиптасиз саёҳат) ва 145 (Йўловчиларни чиптасиз ташиш) моддалари бўйича жаримага тортилишини таъкидлаган. Чиптасиз саёҳат қилганлик учун жарима БҲМнинг 1/10 қисмини ёки 37,5 минг сўмни ташкил этиши қайд этилган. Kun.uz ҳам ЎзА берган маълумотларга таяниб ушбу хабарни эълон қилганди.
Масъулнинг бу чиқиши тармоқларда турли эътирозларни келтириб чиқарди. Транспорт вазирлиги эса Kun.uz'га инспекция вакили адашиб хато маълумот берганини маълум қилди.
Шунингдек, вазирлик ўзининг Telegram'даги каналида расмий муносабат билдириб, нақд пулда тўлов қилувчилар жаримага тортилишини рад этди.
“Ижтимоий тармоқлар орқали Тошкент шаҳар автобус йўналишларида нақд пулда тўлов қилган йўловчилар жаримага тортилиши тўғрисида асоссиз маълумотлар жойланмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 144-моддасида йўловчининг троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда чиптасиз юриши — БҲМнинг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган”,– дейилади расмий муносабатда.
Содда қилиб тушунтирилса, бундан кейин автобусда чиптасиз ҳаракатланган шахслар 37,5 минг миқдорида жаримага солинади.
“















