1986 йилда Ту-134 самолёти Куйбишев аэропортига қаттиқ қўнишни амалга оширади. Шунда унинг шассиси ишдан чиқиб, судралиб кетади. Сўнг Ту-134 иккига бўлиниб, портлайди ва 70 киши ҳалок бўлади. Суриштирувларда ўша куни учувчи ҳамкасблари билан бир шиша ароқдан гаров ўйнагани ва самолётнинг олд ойнасини ёпиб қўндиришга урингани аниқланади.

Фуқаро авиацияси тарихида ғалати ва аҳмоқона ишлар ортидан содир бўлган ҳалокатлар ҳам етарлича.

Масалан, 1994 йилда Москва-Ҳонгконг йўналишида парвоз қилган Airbus A310 Кемерово вилоятида ҳалокатга учрайди. Оқибатда унинг бортида бўлган 12 нафар экипаж аъзоси ва 63 нафар йўловчи ҳалок бўлади.

Кейинчалик суриштирувларда ўша куни самолёт учувчиси Airbus A310 бошқарувини вояга етмаган ўғли ва қизига топширгани ҳалокатга сабаб бўлгани аниқланади.

2008 йилда Москвадаги Шереметево аэропортидан учган самолёт Перм шаҳри аэропорти яқинида ҳалокатга учрайди.

Ҳодисадан сўнг ўтказилган суриштирувларда экипаж командири маст бўлгани ва самолётни бошқара олмай ҳалокатга учратгани аниқланади.

Ҳодиса оқибатида самолётдаги барча – 88 киши ҳалок бўлади. Улар орасида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор эди.

Ту-134 самолётлари кичик ўлчамли бўлиб, уларга 75-80 нафар йўловчи ўрни бўлган
corbisimages.com

Худди шундай воқеалардан бири совет даврида, 1986 йилда содир бўлади. Ўшанда ўзини жуда тажрибали деб билган экипаж командири иккинчи учувчи, штурман ва борт муҳандисига самолётнинг олд ойналарини парда (штор) билан ёпиб, фақат приборлар ёрдамида қўндира олишини айтиб мақтанади.

Ҳамкасблари бунга ишонмагач, экипаж командири ўртага бир шиша ароқ тикиб гаров ўйнайди. Ўшанда бу ишнинг оқибати жуда ёмон тугайди. Самолёт бўлакланиб кетади ва ёқилғи сиғими портлаб, одамлар ҳалок бўлади.

Ҳодиса

1986 йил 20 октябр куни соат 14:33 да Свердловскдаги (ҳозирги Екатеринбург) Колцово аэропортидан Ту-134 самолёти ҳавога кўтарилади.

У Свердловск – Куйбишев (ҳозирги Самара) – Грозний йўналишида учиши лозим эди. Самолётда 87 нафар йўловчи, 7 нафар экипаж аъзолари бор эди.