Исроил ва Ҳамас 15 ойлик урушдан кейин сулҳ тузиш, гаровдаги исроилликларни фаластинлик маҳбусларга алмашиш ҳамда исроиллик ҳарбийларни Ғазо секторидан олиб чиқиш бўйича келишувга эришди. Келишув ҳали кучга кирмаган бўлса-да, бу урушнинг якуни бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда асосий фаза якуни сифатида кўрилмоқда. «Медуза» журналист Марианна Беленкаядан келишув бўйича дастлабки якунларни сарҳисоб қилишни сўради.
— Ким ғолиб?
— Мураккаб савол, чунки уруш ҳали якунланмади. Ва биз у қачон тугашини ҳам билмаймиз. Аммо бу раундда, менимча, Ҳамас ғолиб бўлмоқда. Камида у асаблар жангида ғолиб келди. Аслида, Ҳамаснинг йўқотадиган нарсаси йўқ, Исроилда эса бор.
— Бу ерда асимметрия бор: Исроил ғалаба қилиши учун урушнинг белгиланган мақсадларига эришиши лозим, Ҳамасдан эса шунчаки омон қолиши талаб этилади.
— Ҳа дейиш ҳам, йўқ дейиш ҳам мумкин. Ҳамас мавжудлигини сақлаб қолмоқда ва исталган паллада тикланиши мумкин, аммо унинг ҳарбий инфратузилмаси вайрон қилинган. Гап у қанчалик ишлай олиши ва Ғазо секторини назорат қила олишида.
Афтидан, ҳозирча унда бунинг учун имконият қолмоқда. Албатта, 7 октябрга қадар бўлгани каби эмас. Аммо ҳозирча Ҳамас Ғазо секторидаги ҳокимият бўлиб турибди. Исроил эса сектордаги вазиятни тубдан ўзгартирмоқчи эди.
— Нега ўхшамади?
— Чунки Ҳамаснинг ҳарбий инфратузилмасини яксон этиш ва уни сектордаги сиёсий куч сифатида тугатиш бўйича дастлабки қўйилган вазифа урушнинг бошқа бир мақсадига — гаровдагиларни озод этиш мақсадига терс келарди.
Бир қўл билан жанг қилиб, иккинчиси билан ўз одамларингни озод этишга уриниш имконсиз. Эҳтимол, бунга ҳарбий амалиёт ўтказиш орқали эришишдан умид қилингандир. Чиндан ҳам кимларнидир олиб чиқа олишди, аммо саноқли кишини.
Гаровдагилардан айримлари Исроил ҳарбийларининг хатолари туфайли ҳалок бўлишди. Қолаверса, Исроил қўшини яқинлашган ҳудудларда сақланган маҳбуслар ўлдирилиши хавфи бўларди. Бундай прецедент ҳам қайд этилган — гаровдагиларнинг олти нафари ҳалок бўлган.
Бундай шароитларда ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш жуда қийин. Гаровдагилар омили йўқ бўлган Ливанда барчаси анча тезроқ ва интенсивроқ кечди — ва у ерда ҳам Исроил «Ҳизбуллоҳ»ни тўлиқ йўқ қила олмаган. Аммо бу ерда бундай мақсад қўйилмаганди ҳам.
















