Бойсундаги газ конида ёнар булоқлар, қўллари кесилган чақалоқ, ваҳимали ёлғон хабар тарқатганларга берилган жазо ва Волгабўйидан келаётган қорли ҳаво — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Бойсундаги газ конида ёнғинли майдонлар
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конида оловли майдонлар ҳосил бўлгани ҳақида хабар берилди. Kun.uz таҳририятига юборилган видеотасвирларда коннинг айрим қисмларидан газ сизиб чиқиб, бир неча ўт ўчоқлари ҳосил бўлгани акс этган.
Маҳаллий аҳолининг маълум қилишича, газ чиқиши оқибатида катта қудуқлар атрофида кичик-кичик тирқишлар пайдо бўлган ва улар ёқиб қўйилган. Ҳудудда ҳали ҳам газ сизиб чиқаётган ўт ўчоқлари борлиги, уларни кузатиш учун махсус назоратчилар қўйилгани айтилади.
Олинган маълумотларга кўра, назоратчилар ҳар бир газ чиқиш нуқтасига жойлаштирилган. Ҳудудда 18-19 та кичик майдонда газ чиқиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Айрим фуқаролар сассиқ газ ҳиди сезилмаётганини, лекин вазиятдан ташвишда эканликларини таъкидламоқда.
Kun.uz ҳолат бўйича Энергетика вазирлигига мурожаат қилган, аммо ҳозирча расмий жавоб олинмаган. Эслатиб ўтамиз, «М25» конидаги муаммолар 2024 йил сентябр ойидаги авариядан кейин бошланган. Ушбу ҳодисада аҳоли кўчирилган, иккинчи аварияда эса пудратчи компаниянинг 4 ходими ҳалок бўлган.
Ноябр ойида коннинг яна портлагани ва бу ҳодисадан кейин ёнғин ва бадбўй ҳиднинг камайгани хабар қилинган эди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўшанда вазиятни барқарорлаштириш 2-3 ой вақт олишини маълум қилган.
Чақалоқнинг қўллари кесилди
Тошкентдаги 1-сон болалар шифохонасида 2 ойлик чақалоқнинг қўли ампутация қилинишига оид ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнот берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотга кўра, чақалоқнинг қўли гангрена туфайли кесилган.
Расмий маълумотга кўра, чақалоқ 2024 йил 9 декабр куни юқори тана ҳарорати, йўтал ва безовталик аломатлари билан шифохонага ётқизилган. Дастлаб унга шифохонадан ташқари пневмония ташхиси қўйилган ва чақалоқлар патологияси бўлимига жойлаштирилган. Кейинги текширувлар натижасида чақалоқда сепсис, септисемия, Covid-19 пневмонияси ва туғма юрак нуқсони аниқланган.
















