Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа илк хорижий ташрифини асосий ҳомийси экани айтиладиган Туркияга эмас, Саудия Арабистонига амалга оширди. Шу билан бирга, Ар-Риёддан тўғри Анқарага учди. Бу ташрифлар Дамашқдаги янги ҳокимиятнинг ташқи сиёсати ҳақида қандай муждалар беради? Ташрифларда нималар муҳокама қилинди? “Геосиёсат”да – таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромов шарҳи.

Саудия Арабистони АҚШни Сурияга қўйилган санкцияларни ечишга кўндирадими?

Шавкат Икромов:

— Ўтган йили 8 декабр куни Сурияда Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги ҳукумат ўрнатилган бўлса, дастлабки ҳафталарда етакчи давлатларнинг вакиллари бу ҳукумат билан учрашишга ва алоқаларни кейинги босқичи қандай бўлишини белгилаб олишга ҳаракат қилди. Шунинг билан бирга, Суриянинг ўзида ҳам янги тартиботга мослашиш ва Асад режимидан фарқли, қандай ташқи ва ички сиёсатни шакллантириш жараёни кечди. Шу нуқтада асосий эътибор эндиликда Эрон ёки Россияга эмас, балки кўрфаз араб давлатларига, Туркияга ва умуман Ғарбга, Қўшма Штатларга ва ҳаттоки Исроилга қаратилишининг намойиши сифатида, Туркия ташқи ишлар вазири, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири, Қатар ҳукумати раҳбари янги ҳукумат қабул қилган илк хорижий делегациялар бўлди.

Умуман олганда, Аҳмад аш-Шаръа учун Саудия Арабистони бегона эмас. У Саудияда туғилган, болалик йиллари Саудияда ўтган. Доимий равишда Саудия билан алоқалари бўлган. Унинг дастлабки интервюси Ғарб матбуоти ёки Al Jazeera'га эмас, балки Саудия Арабистонининг дунёқарашини ифодалайдиган Al Arabiya телеканалига берилгани диққатга сазовор. Бу интервюда у асосий эътиборни Саудия Арабистонига қаратган, минтақада Туркия билан бир қаторда ва тенг мақомда бу мамлакатни ўзининг асосий ҳамкори сифатида кўришга интилаётганини билдирган эди.

Унинг Саудияга ташрифи доирасида ҳар икки томон ўртасида қандайдир бир бурилиш нуқтасини белгилаб берадиган даражадаги йирик шартнома ёки катта миқдордаги молиявий келишувлар имзолангани йўқ. Аммо экспертлар айтадики, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирининг Сурияга бўлган ташрифида бир ваъда берилган эди: халқаро ҳамжамият томонидан Сурияга қўлланган санкциялар эндиликда мантиқсиз ва адолатсиз деб ҳисобланиши керак. Бу санкцияларни олиб ташлашда Саудия Арабистони воситачи сифатида қатнашади ва халқаро ҳамжамиятни бунга кўндиришга ҳаракат қилади.

Камолиддин Раббимов:

— Назаримда, Аҳмад аш-Шаръа Саудияга боришдан олдин Туркияни хабардор қилган, яъни Туркия билан маълум бир келишув бўлган. Лекин Туркияга ҳеч қандай ўртада танаффус қилмасдан бораман деб айтган бўлиши керак, у Саудиядан тўғри Туркияга борди, ўртада ҳеч қандай тўхталиш қилиб ўтиргани йўқ.