2025 йил 1 июлдан бошлаб, улуш киритиш асосидаги қурилишларда қурувчи ва харидор ўртасидаги олди-бердининг шакли ва мазмуни ўзгаради. 2026 йил 1 январдан эса эскроу тизими тўлиқ жорий этилиб, улушдорларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамланади. Kun.uz мухбири бу ўзгаришлар бўйича саволлар билан Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Даврон Милиевга мурожаат қилди.

27 январ куни Ўзбекистон президенти улуш киритиш асосидаги қурилишларни эскроу тизимига ўтказишга доир фармон имзолади.

Унга кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб, қурувчилар ва мижозлар ўртасида тузиладиган улуш киритиш шартномалари мажбурий тартибда нотариусда тасдиқланиши ва кадастр рўйхатидан ўтказилиши керак бўлади.

Шу санадан эътиборан эскроу тизимини ҳам жорий этиш бошланади. Бунда, ҳали битмаган уйдан квартира сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчининг ўзига эмас, банкка тўлов қилади. Қурувчилар ва банклар ўзаро келишув асосида банкда эскроу ҳисобварағини очади, улушдорлар тўлаган пуллар шу ҳисобварақда йиғилади. Уй битмагунча қурувчи компаниялар бу пуллардан фойдаланолмайди. Бу тартиб 1 июлдан 31 декабргача ихтиёрий бўлади ва агар керакли қонунлар вақтида қабул қилинса, 2025 йил 1 январдан мажбурий кучга эга бўлади.

Kun.uz янги тизим билан боғлиқ бир қатор муҳим саволларга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Даврон Милиевдан жавоб олди.

“Фармон билан айтиляптики, "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимида платформа ташкил этилади ва девелоперларга уй-жойни шу платформага рўйхатга қўймасдан, аҳоли маблағларини улуш киритиш асосида жалб қилишга йўл қўйилмайди”, – деди у.

Милиевнинг сўзларига кўра, платформада курувчи компания ва объект ҳақидаги барча маълумотлар: объектнинг лойиҳа бўйича жойлашган аниқ манзили, қаватлари, кириш йўлаклари, қолаверса, компаниянинг барча лойиҳавий ҳужжатлари, ижобий экспертиза хулосаси, курилиш бошланадиган сана ва фойдаланишга топшириш муддати каби маълумотлар жамлаб борилади.

Бу ахборотларни харидорларнинг ўзи ҳам платформадан кузатиб, курувчининг рухсатномаси мавжудлиги, унинг рейтинги ва олдинги лойиҳалари ҳақида билиб боришлари мумкин бўлади.

Платформада маълумотлари шаклланган қурувчи компаниялар бундан кейинги босқичда харидорлар ва банк билан 3 томонлама улушли шартнома қилиши керак бўлади.