2025 йил бошидан бери МиГ-31 билан боғлиқ ҳаво тревогаси фақат уч марта — 3, 8 ва 28 январда эълон қилинган. Лекин бу учишлар ҳам амалда зарбалар билан якунланмаган.

2024 йилда энг катта танаффус куз бошларига тўғри келган. Украинада МиГ-31 парвозлари билан боғлиқ тревогалар 5-20 сентябр кунлари оралиғида умуман эълон қилинмаган.

Россия мудофаа вазирлиги ушбу қирувчи самолётлар фаолиятидаги узилиш юзасидан бирор расмий изоҳ бермаган.

Украина ҳаво кучларининг расмий Telegram-каналида ҳам МиГ-31 парвозлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Аммо ўз манбаларига таяниб маълумот тарқатувчи норасмий каналга кўра, 28 январдан кейин ҳам Россия аэродромларидан МиГ-31 учоқлари ҳавога кўтарилган, лекин улар жанговар вазифалар учун эмас.

Украина ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Игнат BBCʼга ушбу маълумотни тасдиқлади.

Хавфли самолёт

Украиналиклар МиГ-31 учоқларига алоҳида эътибор қаратишига сабаб — ушбу самолётларнинг айрим турлари (МиГ-31К модификацияси) Х-47М2 «Кинжал» аэробаллистик ракеталарини учира олиши билан боғлиқ. Бу ракеталарни тутиб олиш жуда қийин.

«Кинжал» ҳаводан учирилса ҳам, унинг ҳаракат траекторияси баллистик, яъни параболага ўхшаш йўналишда бўлади. Бу уни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун горизонтал парвоз қиладиган ракеталарга нисбатан анча қийин нишонга айлантиради.

Иккинчи хусусияти — унинг тезлиги. Ракета парвозда 10 max’гача тезликка эришиши мумкин, бу эса гипертовушлилик чегарасидан икки баробар юқори ҳисобланади.

Учинчи жиҳати — унинг узоққа етказиб бориш қобилияти. Россия ҳудудидан учирилган «Кинжал» Украинанинг исталган нуқтасига зарба бера олади.

Бундан ташқари, МиГ-31 ўзи ҳам хавфли ҳаво ҳужуми воситаси ҳисобланади. У 120 км узоқликдаги нишонларни йўқ қилиш қобилиятига эга, узоқ масофага учувчи ҳаво мудофаа ракеталари билан жиҳозланган.

Шу билан бирга, бу самолётлар украин ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари таъсир доирасига кирмасдан, хавфсиз масофада қола олади. Украинада уларга қарши, 120 км узоқликка уча оладиган авиация ракеталари мавжуд эмаслиги сабабли, МиГ-31’ни ҳавода уриб тушириш жуда мушкул вазифа ҳисобланади.

Бу барча жиҳатлар МиГ-31 самолётларини Украина учун жиддий хавфга айлантиради.