Шунга қарамай, Россия иқтисодиёти инфляция юқори бўлган бошқа бозорлардан ажралиб турибди, дея ёзади The Economist.

Инфляциянинг ошиши бир нечта омилларга боғлиқ. Ғарб санкциялари рублнинг қадрсизланишига олиб келди, бу эса импорт маҳсулотларни қимматлаштирди. Россиялик импортёрлар чекловларни айланиб ўтишга ҳаракат қиларкан, улар воситачи давлатлар орқали ишлашга мажбур бўлмоқда, бу эса харажатларни оширяпти.

Шунингдек, ҳарбий сафарбарлик ва оммавий эмиграция туфайли меҳнат танқислиги юзага келган. Бу эса иш ҳақларининг 2024 йилда 18 фоизга ошишига сабаб бўлди – маош тўлаш харажатларидаги сезиларли кўтарилиш маҳсулот ва хизматлар нархини оширади.

Ишсизлик даражаси 2 фоиз атрофида – рекорд даражада паст қолмоқда, бу эса бозордаги нарх босимини кучайтиряпти.

Инфляция кучайишида Россия ҳукуматининг катта харажатлари ҳам алоҳида ўринга эга. Ҳарбий харажатлар ЯИМнинг 7 фоизини ташкил қилмоқда: ҳукумат мудофаа, инфратузилма ва ижтимоий тўловларга улкан маблағ ажратяпти. Бу эса таклифдан ортиқ талабни келтириб чиқариб, нархлар ўсишига сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, ҳозиргача инфляция катта норозиликка олиб келмади. 2024 йилда аҳолининг реал даромадлари 10 фоизга ошди. Ҳукумат томонидан ажратилган субсидиялар ва иш ҳақининг ошиши нархлар ўсишининг кўпчилик россияликларга таъсирини юмшатмоқда.

The Economist'га кўра, бу иқтисодий моделнинг барқарорлиги шубҳа остида. Агар инфляция юқори даражада сақланиб қолса, Марказий банк 21 фоизга етган асосиз ставкасини узоқ муддат ушлаб туришга мажбур бўлиши мумкин, бу эса иқтисодий ўсишни секинлаштиради. Шунингдек, агар давлат харажатлари қисқарса ёки истеъмолчилар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қила бошласа, Россия жиддий иқтисодий пасайишга дуч келиши мумкин.

Яна бир муҳим масала – уруш иқтисодиётининг узоқ муддатли таъсири. Иқтисодиётнинг урушга асосланган моделидан тинчлик давридаги мувозанатлашган моделига қайтиш Россия иқтисодиёти учун катта синовга айланиши мумкин.