Шавкат Мирзиёев 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида раҳбарлар ўртасидаги ортиқча ҳашамат ва дабдабани кескин танқид қилди.

«Ислоҳотларимиз натижадорлиги аввало, садоқатли, фидойи ва коррупцияга тоқатсиз янги авлодга бевосита боғлиқ. Бу ишда фикри тоза ёш авлодни тарбиялаш устувор вазифага айланиши шарт», – деди президент.

Шу мақсадда мактаб директорлари Тарбия фани доирасида ўғил-қизларимизга ҳалоллик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик каби эзгу ғояларни содда тилда тушунтириб бориши кераклиги таъкидланди. 

Ректорлар эса талаба ва ёшларнинг коррупцияга қарши лойиҳалари, стартап ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиши зарур.

Умуман, «коррупция – келажакка таҳдид» деган ғоя асосида Янги Ўзбекистон ёшлари қалбидан жой оладиган тизим яратилса, айни муддао бўлиши таъкидланди.

Президент жамоатчилик вакиллари ва нодавлат ташкилотларига мурожаат қилди.

«Коррупцияга қарши кураш – умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон ишидир. Умуман, бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслиги керак.

Шу боис, коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш учун янада кўпроқ шароит яратиб, бунга кенг жамоатчиликни жалб қилишимиз зарур. Аввало, нодавлат ташкилотлар фаоллигини ошириш лозим. Бу – энг тўғри йўл», - деди давлат раҳбари.

Парламент нодавлат ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Масалан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича конвенция талабларини мониторинг қилишга нодавлат ташкилотлар жалб қилинса, катта самара беришига ишонч билдирилди.

Ушбу мақсадлар учун янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга ҳар йили 10 миллиард сўмдан ажратиб борилади.

«Коррупцияни енгиш учун биринчи навбатда унинг ортиқча ҳашамат ва дабдаба деган “ўқ илдизларини” қуритишимиз шарт.

Энг ачинарлиси, бунга таниқли шахслар бош-қош бўляпти, одамлар уларга тенглашаман деб, ўзини “ўтга-чўғга” уряпти.