Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган нутқида мамлакат хотин-қизларини табриклади. Давлат раҳбари нутқи матни президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди:

Ассалому алайкум, қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларим!

Аввало, сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун юртимиз аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мутафаккир бобомиз Алишер Навоий буюк она сиймоси, мўътабар аёл зотини улуғлаб, уларнинг бахт-саодати йўлида барчамизни фидокор бўлишга даъват этгани албатта бежиз эмас.

Чиндан ҳам, меҳр-оқибат, олижаноблик, муҳаббат ва садоқат каби юксак инсоний қадриятларни камол топтиришда, оила қўрғонини мустаҳкамлашда сизларнинг хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Бугунги қутлуғ байрамнинг файзли Рамазон ойида бўлиб ўтаётгани унинг эзгу руҳи ва мазмунини янада оширмоқда.

Муқаддас динимиз ҳам муҳтарама оналаримиз, дилбар опа-сингилларимиз, мунис қизларимизга ҳамиша яхшилик қилишга, уларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйишга буюради.

Мана шундай қувончли айёмлар барчангизга муборак бўлсин!

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, уларнинг қадр-қимматини улуғлаш Янги Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида етакчи ўринга қўйилмоқда.

Бугунги кунда ҳурматли аёлларимиз турли соҳа ва тармоқларда Ватанимизнинг жадал тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшаётганларини миннатдорлик билан эътироф этамиз.

Масалан, 2017 йилда бошқарув соҳасида хотин-қизлар ўртача 20 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу рақам 35 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

Аёлларнинг давлат бошқаруви ва парламент фаолиятидаги иштироки кучайгани жамиятимиз ривожига ҳам ижобий таъсир этаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Энг муҳими, ақл-заковатли, билимли ва истеъдодли хотин-қизларимиз давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида намуна бўлишмоқда.