Сурия мудофаа вазирлиги 10 март куни «Суриянинг соҳил ҳудудида ағдарилган режим қолдиқларига қарши ҳарбий амалиёт» якунланганини эълон қилди.

Қурбонлар сони ҳақида ҳали тўлиқ маълумотлар йўқ ва улар яқин орада пайдо бўлиши даргумон. Сурия инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази маълумотларига кўра, 6-9 март кунлари ҳукумат таъсиридаги кучлар 39 та оммавий ва кўплаб индивидуал қатлларни амалга ошириб, жами камида 973 кишини ўлдирган. Иккала томондан ҳам жанговар йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда, ҳужжатлаштирилган қурбонларнинг умумий сони 1454 нафарни ташкил этади – аммо бу фақат дастлабки маълумотлар бўлиб, қурбонлар сони яна ортиши мумкин.

Ижтимоий тармоқлар, Telegram ва Whatsapp’даги гуруҳларда тарқалишда давом этаётган кўплаб видеоларга кўра, ҳалок бўлганлар ва яраланганлар асосан ёш ва ўрта ёшдаги эркаклардир.

Оммавий қотилликлар Сурия собиқ президенти Башар Асад мансуб бўлган алавийлар кўтарган қўзғолонига жавобан бошланди. Ғарбдаги кўплаб сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари уларни «Асадлар тарафдорлари» деб атамоқда ва уларнинг қатл қилиниши қандайдир «мавҳум кучлар»га боғланмоқда. Униси ҳам, буниси ҳам қисман тушунарли. Асадлар ҳукмронлиги даврида алавийлар жамоаси, унинг айрим вакиллари тузумга қандай муносабатда бўлишидан қатъи назар, имтиёзли ҳолатда эди. Асадлар ҳокимиятдан ағдарилгач, улар камситилган озчиликка айландилар – бу ҳам алоҳида алавийларнинг янги ҳокимиятга бўлган шахсий муносабатидан қатъи назар.

Оммавий қатлларни уюштиргани айтилаётган «мавҳум кучлар»га келсак, Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги ўтиш даври ҳукуматининг ўзига хос алибиси бор. Эски хавфсизлик кучлари тарқатиб юборилди, янгилари шаклланиш жараёнида. Сурияда кўплаб қуролли гуруҳлар мавжуд. Уларнинг баъзилари аллақачон янги хавфсизлик кучларига қўшилган; бошқалари йўқ, гарчи улар аш-Шаръа ҳукуматига содиқ бўлса-да; учинчи тоифа эса умуман бу ҳукуматга қарши.

6 март куни алавий жангарилар Латақия ва Тартус вилоятларида янги режим кучларига ҳужумлар уюштиргани маълум бўлгач, кўплаб гуруҳлар уларга қарши курашга отланди. Улар орасида ўтиш даври ҳукумати вакиллари ва «кўнгилли ёрдамчилар»ни фарқлаш деярли имконсиз: иккаласи ҳам асосан сунний жангарилар, фуқаролар уруши фахрийлари бўлиб, уларда ягона фарқловчи белгилар йўқ.