Ўзбекистонда уй-жой нархлари қимматлашиши секинлашган. Хусусан, 2022 йилда номинал нархлар республика бўйича ўртача 23,6 фоиз (доллар ҳисобида) ўсган бўлса, 2024 йилда нархлар ошиши 6,2 фоизни ташкил этган. Ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент шаҳрида 2025 йил 1 январь ҳолатига хонадон нархи 11,2 йиллик тўланадиган ижара ҳақига тенг.

Ўзбекистонда 2019-2021 йилларда уй-жой бозоридаги фаоллик кескин ошиши кузатилган бўлса, 2022 йилдан бошлаб фаоллик барқарорлашиш фазасига ўта бошлаган. Хусусан, 2019-2021 йилларда шартномалар сони йилига 10 фоиздан юқорироқ ўсган. 2022 йилда ўсиш 3,8 фоиз ва 2023 йилда 5,7 фоизга тушган. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларида келтирилган.

2024 йилда рўйхатдан ўтган уй-жой олди-сотди битимлари сони 2023 йилга нисбатан 5,8 фоизга пасайиб, жами 256,6 минг донани ташкил этган.

2025 йил учун кутилмалар 

2025 йилда ҳам уй-жой бозорида талаб ва таклифни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар давом эттирилиши кўзда тутилган. Хусусан, 2025 йилда 120 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15,5 трлн сўм, банклар томонидан қўшимча 10 трлн сўм йўналтирилиши режалаштирилган.

Уй-жой нархлари 

2022-2024 йилларда уй-жой нархлари ўзгаришининг таҳлили кўрсатишича, ўтган 2 йилда нархлар ўсиши секинлашмоқда. Мисол учун, 2022 йилда номинал уй-жой нархлари республика бўйича ўртача 23,6 фоиз (доллар ҳисобида) ўсган бўлса, 2024 йилда нархлар ўсиши 6,2 фоизни ташкил этган.

Худди шундай трендни реал нархлар ўсишида ҳам кузатиш мумкин. 2022 йилда реал нарх ўсиши 14,6 фоиздан 2023 йилда 18,5 фоизга кўтарилган бўлса, 2024 йилда реал нархлар ўсиши асосан номинал нарх ўсишидаги пасайиши натижасида кескин тушиб, 1 фоиз бўлган.