Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский россиялик ҳарбийлар Сумида F-16 қирувчисини уриб туширгани ҳақидаги хабарни рад этди
19 март куни Украинага яна бир нечта қирувчи самолёт етказиб берилган.
Украина президенти Володимир Зеленский россиялик «ҳарбий мухбирлар»нинг Россия қўшини Украина авиациясининг F-16 русумли ҳарбий самолётини уриб туширгани тўғрисидаги хабари рост эмаслигини маълум қилди.
«Россияликлар ниманидир уриб туширишгани ҳақида алдашмоқда, улар ҳеч нарсани уриб туширгани йўқ. Яхши янгилик эса — Украинага бир нечта F-16 самолёти учиб келди», — деди Зеленский 19 март куни кечқурун украиналик журналистлар билан онлайн-брифингда (иқтибос «РБК-Украина»ники).
Бир кун олдин Россиядаги ҳарбий соҳага ихтисослашган телеграм-каналлар Россиянинг С-400 «Триумф» зенит-ракета комплекси гўёки Украинанинг F-16 самолётини уриб туширгани, нишон Су-35С орқали белгилаб берилгани ҳақида хабар тарқатганди.
F-16 йўқ қилингани ҳақидаги хабарлар Украинадаги пабликларда шундай қирувчи самолёт Суми областида парвоз қилаётгани акс этган видеоёзув тарқалиши ортидан пайдо бўлди.
Украинага 2024 йил августида F-16 самолётларини етказиб бериш бошланганди. Ўша ойдаёқ Украина дастлабки йўқотишга учради — 26 август куни самолёт РФ қуролли кучларининг ёпирилма ҳужумини қайтариш чоғида ҳалокатга учради. F-16 бошқарувида бўлган учувчи Алексей Мес ҳалок бўлди. Тергов қирувчи самолёт қулашига пилот хатоси, техник носозлик ёки Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг «дўстона зарбаси» сабаб бўлгани тўғрисидаги версияларни кўриб чиққан.