Володимир Зеленский Саудия Арабистонидаги учрашувлар натижасида АҚШ делегациясининг Украина ва Россия вакиллари билан эришган келишувларида муайян фарқлар борлигини маълум қилди, деб ёзмоқда Unian.
Украина президентига кўра, Саудия Арабистонидаги учрашувлар якуни бўйича иккита баёнот эълон қилинади: бири – Украина ва АҚШ ўртасидаги келишувлар натижасига, иккинчиси эса АҚШ ва Россия делегациялари учрашувига оид. Ушбу баёнотлар орасидаги асосий фарқ бешинчи бандда акс этган.
«Биз энг аввало, денгизда тинчлик ва кемаларнинг эркин ҳаракати бўйича келишиб олдик», — дейди Зеленский.
Украина делегацияси АҚШ томони билан алоҳида учрашувда ўт очишни тўхтатиш масаласини инфратузилмага зарбалар бериш контекстида муҳокама қилган.
«Биз бунга кўп вақт ажратдик. Агар денгизда тинчлик ва кемаларнинг эркин ҳаракати ҳақида гапираётган бўлсак, бу инфратузилмани ҳам қамраб олади. Кўрамиз, бу қандай амалга оширилар экан», — дейди Зеленский.
Келишувларнинг иккинчи банди — энергетика тизимига зарба бермасликни ўз ичига олади. Ушбу келишувга кўра, на Украина ва на Россия бундай ҳужумларни амалга ошириши керак. Шу билан бирга, Украина АҚШга Киев томонидан «стратегик инфратузилма» деб ҳисобланган объектлар рўйхатини алоҳида топширган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилиш масаласини ҳам кўтарган, бироқ бу банд баёнот матнига киритилмаган.
«Аммо биз бу борада келишиб олдик. Америка томони, умуман олганда, осмондаги ва энергетика борасидаги тинчлик масаласи бошқа фуқаролик инфратузилмасига ҳам тааллуқли деб ҳисоблайди. Шунга қарамай, энергетикага зарбалар берилмаса, шунинг ўзи катта натижа», — дея таъкидлайди у.
Келишувларнинг учинчи банди – назорат ва мониторингга оид. «Биз Америкадан ташқари учинчи томонларни ҳам жалб қилиш мумкинлигига келишиб олдик Бу ёмон эмас. Масалан, Европа давлатларидан бири ёки Туркия. Денгиздаги вазиятга қараб Яқин Шарқ давлатларидан бирортасини жалб қилиш мумкин», – дейди Зеленский.
Тўртинчи банд АҚШ таклифига кўра, барқарор тинчликни таъминлаш йўлида ҳамкорлик қилишни назарда тутади.
«Яна бир бор таъкидлаймизки, биз шартсиз ўт очишни тўхтатишга тезкор ҳаракат қилишга тайёрмиз. Кейинги босқич эса барқарор ва адолатли тинчликка эришиш йўлида қўйиладиган қадамлар,» – дейди Украина президенти.


















