Жаҳон | 08:07 / 28.03.2025
3536
2 дақиқада ўқилади

«АҚШ билан олдинги муносабатлар тугади» — Канада бош вазири

Канада АҚШнинг протекционистик сиёсати ортидан иқтисодий стратегиясини радикал қайта кўриб чиқади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Марк Карни 27 март куни матбуот анжуманида билдирди.

Фото: AP / Chris J Ratcliffe

«Биз энди АҚШ билан олдинги каби савдо муносабатларига суяна олмаймиз», — деди Карни. Унинг таъкидлашича, Канада АҚШ бозорига қарамликни камайтиради ва ташқи савдони бошқа минтақаларга йўналтиради.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, ҳукумат мамлакат ичида мустақил таъминот занжирларини йўлга қўя бошлаган. «Биз автомобилсозлик соҳасида бутловчи қисмлардан тортиб, пўлат, алюминий ва стратегик минералларгача бутунлай Канадага тегишли таъминот тармоғини яратишни мақсад қилганмиз», — деди у.

Карнининг маълум қилишича, ҳукумат шунингдек, президент Доналд Трамп томонидан жорий қилинган тарифлар таҳдид солаётган бошқа соҳалар учун ҳам шундай миллий стратегияларни ишлаб чиқади.

У яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратди: куни кеча АҚШ президентининг ўзи унга қўнғироқ қилиш учун боғланган. «Бу фурсат менга ўз ишчиларимизни қандай ҳимоя қилиш ва кучли иқтисодиётни қандай барпо этиш масаласини муҳокама қилиш имконини берди», — деди Карни.

Маълумот учун, АҚШ Мексика ва Канададан олиб кириладиган импортга 25 фоизлик бож жорий қилган. Шунингдек, Хитой маҳсулотларига ҳам тарифлар оширилиб, 20 фоизга етказилган. Вашингтон бу чораларни ноқонуний миграция ва фентанил моддасининг АҚШга кириб келишига қарши кураш, дея изоҳламоқда.

Бундан ташқари, АҚШ Евроиттифоқ маҳсулотларига ҳам бож жорий қилди ва Америка маҳсулотларига юқори тариф қўйган мамлакатларга нисбатан «айни» чоралар кўриш ниятида. Оттава ва Пекин аллақачон жавоб чоралари ҳақида эълон қилди, ЕИ эса бу борадаги позициясини апрелда маълум қилади.

Мавзуга оид