Ушбу нуфузли тадбирларга тайёргарлик доирасида шаҳарнинг электр таъминоти янада такомиллаштирилди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг Самарқанд филиали томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, саммит ўтказиладиган объектларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 14 та подстанция, 5 та тақсимлаш тармоғи, 64 та трансформатор пунктлари ҳамда 525 км электр узатиш тармоқлари техник кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, 35-110 кВ кучланишдаги бир нечта ҳаво электр узатиш тармоқлари ҳам текширилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

“Регистон” подстанциясидан чиқувчи йирик электр тармоқларида қўшимча модернизация ишлари олиб борилди. Шунингдек, шаҳарнинг тарихий обидалари ва зиёратгоҳларини электр билан таъминлайдиган 16 та трансформатор пунктлари текширилиб, учтасида янги электр қурилмалари ўрнатилди.

Саммит доирасида электр таъминотига бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида Самарқандга 10 та “Дамас” автомашинаси, 3 та ISUZU махсус техникаси ҳамда замонавий UPS қурилмалари етказиб берилди.

Шунингдек, 8 та тезкор хизмат кўрсатиш бригадаси ташкил этилиб, улар зарур техник воситалар ва материаллар билан таъминланди. Қўшимча равишда 7 та мобил дизель электр станцияси (ДЭС) ва 12 та UPS қурилмаси тармоққа уланди.

Тадбир давомида электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида мутахассислар 24 соатлик навбатчиликда бўлади.