АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан киритилган кенг қамровли импорт божлари ва Хитойнинг жавоб чоралари фонида Brent маркали нефт нархи 2021 йилдан бери энг паст даражага тушди. Лондоннинг ICE Futures биржасида 4 апрел, жума куни Brent маркасидаги нефтнинг июн фючерслари нархи 8,02 фоизга тушиб кетди ва бир баррел учун камида 64,35 долларни ташкил қилди. Охирги марта нефт 3,5 йил аввал — 2021 йилнинг 23 августида 65 доллардан арзонроқ бўлган эди. 

Сўнгги икки савдо сессиясида нефт нархи 13,59 фоизга арзонлашган. Бу пасайиш Трамп 2 апрел куни 183 мамлакат товарларига янги тарифларни эълон қилганидан кейин бошланди. Улар турли мамлакатлар учун 10 фоиздан 50 фоизгача бўлади. Трамп кўрилаётган чора-тадбирларни сўнгги йилларда «яқин ва узоқ давлатлар, дўстлар ва душманлар томонидан талон-торож қилинган, зўрланган ва ўғирланган» АҚШ иқтисодиётини тиклаш зарурати билан изоҳлади.

Нефт бозорининг пасайишига ОПEК+'нинг май ойида хомашё қазиб олишни олдиндан режалаштирилган 135 минг баррел ўрнига кунига 411 минг баррелга ошириш режалари ҳам таъсир кўрсатди. 4 апрел куни Хитой Қўшма Штатлардан келадиган барча маҳсулотларга 34 фоизлик жавоб тарифларини жорий қилиши ҳақидаги хабар нефт нархи пасайишини тезлаштирди. Ушбу чора-тадбирлар 10 апрелдан кучга киради.