31 март куни Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Аҳмадали ҳожи” жоме масжиди таҳоратхонасида газ портлаши оқибатида 4 киши вафот этди. Яна 10 киши эса турли жароҳатлар билан шифохонада даволанмоқда. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб тафсилотларни ўрганди.

Масжидга борганимизда айнан портлаган таҳоратхона таг-туги билан тозаланган, туташ таҳоратхона биносида эса ҳашар йўли билан тозалаш ишлари олиб борилаётган экан. Бироздан кейин махсус техникалар ёрдамида кейинги таҳоратхона биноси ҳам бузиб ташланди.

“Масжид таҳоратхонаси 2022 йил қурилиши бошланиб 2024 йилда фойдаланишга топширилган эди.

Ҳайит кунининг эртаси соат 12:15 лар чамаси эди. Пешинга ҳаракат қилиб тургандим. Тўсатдан гумбурлаган овоз эшитилди. Чиқиб қарасак чанг-тўзон. Бино ер билан битта бўлган экан. Бино босиб қолган одамларни ташқарига чиқариб олдик. Вафот этганлар пешин намозини ўқиш учун таҳоратхонада тайёргарлик кўришаётган бўлган.

Иҳволдин Зуҳриддинов, масжид имом ноиби

Бино бир вақтнинг ўзида 60 киши таҳорат олиши мумкин бўлган жой эди. Таҳоратхона қурилган пайтидаёқ бинога газ тармоғи олиб келинган бўлган. Айни пайтда таҳоратхонани тиклаш ишларини олиб боряпмиз”, – дейди масжид имом ноиби Иҳволдин Зуҳриддинов.