Саудия Арабистони Туризм вазирлиги Ўзбекистон фуқаролари учун онлайн портал орқали электрон виза олиш имконини ёпиб қўйди. Қироллик расмийлари бу борада изоҳ бермаган.

Kun.uz мухбири Саудия Арабистони туризм вазирлиги онлайн мурожаатлар марказига мурожаат қилиб, ҳолат юзасидан расмий изоҳ сўради. Маълум қилинишича, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун электрон визага мурожаат қилиш вақтинчалик – Ҳаж мавсумида тўхтатилган.
«23 апрелдан 9 июнга қадар электрон визага мурожаат қилиш хизмати вақтинча тўхтатилади. Бу муддат ичида Саудия Арабистонига саёҳат қилишни хоҳловчилар ўз мамлакатларидаги элчихоналар ёки ваколатли виза идоралари орқали виза олишга ариза топширишлари мумкин. Бундан ташқари, амалдаги Шенген, Буюк Британия ёки АҚШ визаларига эга саёҳатчилар, шунингдек, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ёки АҚШ резидентлари Саудия Арабистонига кириш пунктларида виза олишлари мумкин», дейилади Саудия Туризм вазирлиги Kun.uz'га тақдим қилган маълумотда.
Жорий йил 13 апрелда Саудия Арабистони 14 та мамлакат (Ҳиндистон, Миср, Покистон, Яман, Тунис, Марокаш, Иордания, Нигерия, Жазоир, Индонезия, Ироқ, Судан, Бангладеш ва Ливия) фуқаролари учун ҳам электрон виза олиш имкониятини ёпган эди.
Бундай тартибга юқорида саналган давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистондан Умра учун бориб, рухсатсиз Ҳаж учун қолиб кетаётган фуқароларнинг кўплиги сабаб бўлгани айтилмоқда. Хусусан, Саудия Арабистони жорий йилда ноқонуний равишда, тегишли визасиз Ҳаж зиёратини амалга ошираётган фуқароларга ҳам, ширкатларга ҳам жуда катта жарималар белгилаган.
2025 йилги Ҳаж мавсумда Ўзбекистон фуқаролари учун 15 минг дона квота ажратилган. Ўзбекистон Ҳаж зиёрати, ҳукумат қарорига кўра, фақат Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси томонидан амалга оширилади.








