Россия ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбуриятини олди. 1 майдаги нархлар ошиши билан, энергетикада тариф реформаси якунлангани айтилди. Ҳадеб танқид қилинадиган “Дамас” ўрнига бошқа арзон автомобил ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Хусусий университетлар устидан назорат кучайтирилади. Ортда қолган ҳафта янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Нархлар ошиши ва ойлик маошлар

Энергетика соҳасида расман “тариф ислоҳоти” деб аталган жараён якунланди. 1 май кунги нархлар ошишини Марказий банк раиси Тимур Ишметов ана шундай изоҳлади.

1 май куни биз энергетика секторида тариф ислоҳотларининг иккинчи ва охирги босқичини якунладик. Маъмурий йўл билан тартибга солинадиган нархларнинг бошқа ўсишини кутмаяпмиз”, – деди Ишметов Халқаро валюта жамғармасининг тадбиридаги чиқишида.

Ойнинг илк санасида аҳоли хонадонлари учун электр энергиясининг базавий тарифи 33 фоизга, табиий газ 54 фоизга, автомобиллар учун метан ўртача 27 фоизга ошди. Метаннинг қимматлашиши такси нархларида ҳам акс-садо берди. Пропан шохобчаларида ҳозирча нарх ўзгариши сезилмаган бўлса-да, биржадаги нархларнинг 10 кун ичида 15 фоизга кўтарилгани тез орада якуний истеъмолчиларга ҳам таъсир қилиши мумкин.

1 майдан эътиборан, ўтган ҳафта хабар берганимиздек, жисмоний шахсларнинг хориждан божсиз товар олиб кириши бўйича янги, пасайтирилган нормалар кучга кирди. Бундан ташқари, интернетда тарқалган видеоларга қараганда, соат миллари 00:00 га ўтиши билан, божхона платформасида электромобиллар учун утилизация йиғими 4 баробарга ошган. Энди ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобилларни олиб киришда аввалгидек 11 млн сўм эмас, 45 млн сўм утилизация йиғими тўлаш керак бўлади.