Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жойлашган Европа касалхонасига уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлди ва ўнлаб одамлар яраланди, деб хабар берди Ҳамас назорати остидаги Фуқаролик мудофааси агентлиги.
Маҳаллий манбаларга кўра, Исроил авиацияси Ғазодаги шифохонага олтита бомба ташлаб, ички ҳовли ва унга туташ ҳудудга зарба берган.
Исроил мудофаа кучлари «Ҳамас террорчиларининг қўмондонлик маркази»га аниқ зарба берганини маълум қилди, уларнинг сўзларига кўра, марказ шифохона остида жойлаштирилганди.
Ҳаво ҳужуми оқибатида жабрланганлар орасида BBC билан ҳамкорлик қилган маҳаллий журналист ҳам бор.
Унга ёрдам кўрсатилган, ҳозирда у барқарор ҳолатда.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Исроил дронлари бинони қамал қилиб, қутқарувчиларга воқеа жойига етиб боришга имкон бермаган.
Қайд этилишича, дронлардан бири воқеа жойига яқинлашмоқчи бўлган икки қутқарувчини жароҳатлаган.
Ideals International хайрия ташкилотида ишловчи пластик жарроҳ Том Потокар зарба берилган чоғда шифохонада бўлган.
У BBC Newshour дастурига берган интервюсида «кетма-кет олтита кучли портлаш» гумбурлагани ва шифохонага зарбалар «ҳеч қандай огоҳлантиришсиз» йўлланганини айтди.
«Ҳамма ваҳимага тушиб қолди», – деди у.
Шифокорлар ва воқеа гувоҳларига кўра, сешанба куни Ғазодаги «Носир» шифохонасининг шошилинч ёрдам бўлимига яна бир зарба берилган.
Уларнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида таниқли фаластинлик фотожурналист Ҳасан Аслих ҳам бўлган, у Исроилнинг бошқа бир ҳужуми натижасида олган жароҳатларидан даволанаётганди.
Исроил ҳарбийлари аввалроқ уни Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужумига алоқадорликда айблаган эди.
Апрел ойидаги зарба натижасида Аслихнинг ҳамкасби Ҳелми ал-Факавий ҳалок бўлган, яна бир қанча журналистлар яраланди.



















