Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Жаҳон иқтисодий ҳолати ва прогнозлари ҳисоботини эълон қилди. Унда айтилишича, глобал иқтисодиёт хавфли бурилиш нуқтасига келиб қолган. Кучайиб бораётган савдо тарангликлари ва сиёсий ноаниқликлар туфайли, айниқса АҚШ томонидан жорий этилган янги тарифлар сабабли ишлаб чиқариш харажатларининг кескин ошиши, глобал таъминот занжирларининг издан чиқиши ва молиявий бозорларнинг беқарорлашуви хавфи юзага келмоқда.
Савдо ва иқтисодий сиёсат борасидаги ноаниқлик, геосиёсий беқарорлик билан биргаликда, корхоналарни муҳим инвестицион қарорларни кечиктиришга ёки қисқартиришга ундамоқда.
Бу эса аллақачон мавжуд бўлган юқори даражадаги қарздорлик ва суст маҳсулдорлик каби муаммоларни янада чуқурлаштириб, глобал иқтисодий ўсиш истиқболларини заифлаштиряпти.
Иқтисодий ўсиш пасаяди
Жаҳон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиши 2025 йилда атиги 2,4 фоиз бўлиши кутилмоқда. Бу – 2024 йилдаги 2,9 фоизлик кўрсаткичдан, шунингдек, 2025 йил январдаги прогноздан 0,4 фоиз бандга паст.
Глобал ўсишнинг секинлашуви, инфляция босими юқорилиги ва савдо-сотиқдаги муаммолар, хусусан, савдо ўсишининг 2024 йилдаги 3,3 фоиздан 2025 йилда 1,6 фоизга тушиши кутилаётгани — Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жиддий хавф остига қўймоқда.
Ўсиш истиқболларининг кенг кўламда ёмонлашуви
Бу секинлашув ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларни бирдек қамраб олмоқда.
АҚШда иқтисодий ўсиш кескин секинлашиб, 2024 йилдаги 2,8 фоиздан 2025 йилда 1,6 фоизгача пасайиши кутиляпти. Бунда юқори тарифлар ва сиёсий ноаниқлик хусусий инвестициялар ва истеъмолга ўтказаётган босим асосий омил бўлади.
Европа Иттифоқида эса ЯИМ ўсиши 2025 йилда 1 фоиз атрофида сақланиб қолади – бу экспортнинг сустлиги ва савдо тўсиқларининг ортиши сабабли, 2024 йил даражасидан фарқ қилмайди.
Хитойда эса истеъмолчиларнинг ишончсизлиги, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришдаги узилишлар ва кўчмас мулк секторидаги давом этаётган муаммолар фонида ўсиш 4,6 фоизгача пасаяди.
Бразилия, Мексика ва Жанубий Африка каби бир қанча йирик ривожланаётган мамлакатлар ҳам сусайган савдо-сотиқ, камайган инвестициялар ва товар нархларининг тушиб кетиши сабабли ўсиш прогнозларини пасайтирмоқда.















