25 май куни Россия ва Украина «1000 га 1000» форматида асирлар алмашинувини якунлади. Бу ҳақда Истанбулдаги музокараларда келишиб олинганди.
Алмашинув уч кун давом этди. Учинчи куни томонлар 303 нафардан асирни қайтарди.
Ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича Украина мувофиқлаштирувчи штаби маълумотларига кўра, уч кунлик «1000 га 1000» алмашинуви бу йилги олтинчи ва кенг кўламли босқин бошланганидан бери 65-алмашинув бўлди. Музокаралар жараёни ва алмашинувлар доирасида 2022 йил март ойидан буён Мувофиқлаштирувчи штаб томонидан Украинанинг жами 5757 нафар фуқароси озод қилинган. Яна 536 нафар украиналик айирбошлашсиз қайтарилган.
«Озодликка чиқарилган ҳимоячилар барча зарур тиббий ёрдам ва реабилитация, шунингдек, асирликда бўлган вақт учун тўланиши керак бўлган барча пул тўловлари ва бир марталик моддий ёрдам олади. Украина озод қилинганларнинг Россия асирлигидаги узоқ муддатли изоляциядан кейин жамиятга реинтеграциясини таъминлайди», – дейилади штаб хабарида.
Мувофиқлаштирувчи штабнинг телеграм-каналида айтилишича, Ҳарбий-денгиз кучлари, Ҳарбий-ҳаво кучлари, Десант-штурм қўшинлари, Ҳудудий мудофаа кучлари, шунингдек, Миллий гвардия, Давлат чегара хизмати ва Давлат транспорт махсус хизмати ҳарбий хизматчилари озод қилинган. Улар орасида Мариуполни ҳимоя қилишда қатнашган 70 ҳарбий ҳам бор.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳам алмашинув якунланганини маълум қилди. «25 май куни Киев режими назорати остидаги ҳудуддан яна 303 нафар россиялик ҳарбий хизматчи қайтарилди. Бунинг эвазига Украина қуролли кучларининг 303 нафар ҳарбий асири топширилди», – дейилади вазирлик хабарида.
«Барча россиялик ҳарбий хизматчилар ва фуқаролар Россия Федерациясига Россия Мудофаа вазирлиги тиббиёт муассасаларида даволаниш ва реабилитациядан ўтиш учун олиб келинади», – дейилади хабарда.
«Интерфакс» Мудофаа вазирлиги маълумотларига таяниб хабар беришича, айни пайтда россиялик ҳарбийлар Беларус ҳудудида бўлиб, уларга психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Бир кун олдин томонлар 307 нафардан фуқаросини алмашганди.











