Абу-Дабининг суверен инвестиция фонди Mubadala ва Абу-Даби миллий энергетика компанияси TAQA Ўзбекистондаги “Талимаржон” энергетика мажмуасида жойлашган 875 MW қувватга эга бирлаштирилган циклли газ электр станциясини сотиб олиш жараёнини якунлади. Бу ҳақда 30 май куни Mubadala ва TAQA биргаликда X тармоғидаги саҳифасида эълон қилди.
Станцияни бошқариш учун тузилган “Talimarjan Power Plant 1” МЧЖда БААнинг икки компанияси 40 фоиздан улушга эга бўлди. Қолган 20 фоиз Ўзбекистон томонидан “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖга тегишли.
Давлат реестрига кўра, “Таlimarjan Power Plant 1” МЧЖ 2023 йил 1 март куни рўйхатга олинган. Устав капитали – 109,7 млн сўм. Раҳбари – Сергей Тазин, у муқаддам Россиядаги электр станцияларида ишлаган.
2023 йил 1 март куни “Talimarjan Operations and Maintenance” МЧЖ ҳам рўйхатдан ўтказилган. Компания станцияни эксплутация қилиш билан шуғулланади. Ундаги улушлар ҳам юқоридагидек 40-40-20 нисбатда тақсимланган.
Корпоратив ахборотлар порталига кўра, “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ активларни топшириш жараёни бошлангани ҳақида 30 апрел куни хабар берган.
Gulf Business'нинг ёзишича, “Талимаржон Power Plant 1” – Ўзбекистон энергетика инфратузилмасининг муҳим таркибий қисми бўлиб, “Ўзэнергосотиш” АЖ билан 25 йиллик электр энергияси хариди бўйича шартномага эга.
Битим эълон қилинганига 5 кун бўлса-да, ҳукумат бу борада бирор расмий маълумот эълон қилмади. Kun.uz қўшимча тафсилотларни сўраб Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига сўров юборди.















