Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) Қрим кўприги таянчларини сув остида портлатиш бўйича «янги ноёб махсус операция» ўтказганини даъво қилмоқда.

Махсус хизмат баёнотида айтилишича, бир неча ой давом этган операция доирасида УХХ ходимлари 3 июн куни эрталаб соат 4:44 да Қрим кўприги устунларини миналаштирган ва тротил эквивалентида тахминан 1100 килограмм қувватга эга «биринчи портловчи қурилма»ни ишга туширган.

Портлаш натижасида кўприк таянчларининг сув ости қисмлари шикастланган. «Амалда кўприк авария ҳолатида», – дейилади пресс-релизда. Шу билан бирга, тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ.

УХХдаги манба маълум қилишича, операцияни хизмат раҳбари Василий Малюк шахсан назорат қилган. «Худо учликни яхши кўради, УХХ эса ҳар доим ўйлаган нарсасини охирига етказади ва доим бетакрор бўлади. Аввалроқ 2022 ва 2023 йилларда Қрим кўпригига икки зарба бергандик. Бугун биз бу анъанани сув остида давом эттирдик», – деди у.

Кейинроқ Малюк бу амалиёт юзасидан маълумот берди.

«Қрим кўприги – мутлақо қонуний нишон. Душман уни ўз қўшинларини таъминлаш учун логистика артерияси сифатида ишлатмоқда. Қрим – бу Украина ва ҳар қандай босқинчилик ҳаракати қатъий жавоб олади», – деган у.

Кўприкдаги оператив вазиятни кузатиб борувчи телеграм-каналда Москва вақти билан эрталаб соат 6 атрофида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар пайдо бўлди, соат 9 га келиб чеклов бекор қилинди.

Mash телеграм-канали 3 июн куни эрталаб соат 6 атрофида кўприк устида Украина дрони уриб туширилгани, унинг қолдиқлари йўлга тушгани ҳақида ёзган эди. Бу вақтда кўприкдан Таман томондан машиналар ўтиб кетаётган бўлган, бироқ жабрланганлар бўлмаган. Манбанинг таъкидлашича, ҳеч қандай шикастланиш ҳам йўқ. Шундан сўнг, мутахассислар йўлни текшириб, дрон қолдиқларини олиб ташлагунча кўприк уч соатга ёпилган.

Соат 15:23 да эса кўприк бўйлаб ҳаракат яна тўхтатилган. 

Россиядаги ҳарбийлашган телеграм-каналларда кўприк ҳудудида украинларнинг денгиз дронлари ҳужуми қайтарилгани ҳақида хабар берилган.

«Интерфакс» Севастопол бухтасида денгиздаги йўловчи транспорти ҳаракати ҳам вақтинча тўхтатилганини хабар қилган. Севастополнинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Михаил Развожаев флот «турли қуроллардан фойдаланган ҳолда сув ости қўпорувчилик ҳаракатларига қарши машғулотлар ўтказаётгани»ни маълум қилган.