Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эрон бўйлаб зарба беришни бошлади. Ҳаво ҳужумлари нишонлари уранни бойитиш бўйича корхоналар, ракета базалари, шунингдек Ислом инқилоби муҳофизлари раҳбарияти ҳамда ядро соҳасидаги олимлар бўлмоқда. Ҳужум давом этмоқда.

Ҳужумлар оқибатида ядро соҳаси олимлари ҳамда Эрон ҳарбий қўмондонлиги вакиллари ҳалок бўлган. Теҳрондагилар олти нафар олим – Абдулҳамид Манучеҳр, Аҳмадризо Зулфиқорий, Амир Ҳусайн Феки, Муталлаб Близода, Муҳаммад Маҳди Теҳрончи ва Фариддун Аббосийнинг ўлимини тасдиқлаган. Исроил мудофаа армияси аввалига Эрон қуролли кучлари бирлашган штаб бош қўмондони Муҳаммад Бағирий, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий, Эрон қуролли кучлари қўмондони ўринбосари – фавқулодда вазиятлар бўйича штаб бошлиғи Ғулом Али Рашид ўлдирилгани ҳақида баёнот берди.

Кейинроқ Reuters агентлиги Исроилнинг Эронга зарбалари оқибатида камида 20 нафар эронлик юқори мартабали қўмондон ҳалок бўлганини хабар қилди. Исроил ҳарбийлари маълум қилишича, қирувчи самолётлар Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳаво-космик кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизода ва бошқа юқори мартабали мулозимлар йиғилган объектга зарба берган. Ҳожизода билан бирга ҳаво кучлари дрон бўлинмаси қўмондони Тоҳир Пур ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари қўмондони Довуд Шайхиён ҳам ҳалок бўлган.

Генерал Амир Али Ҳожизода

Натанздаги уранни бойитиш корхонаси зарбага учраган – Исроил махсус хизматлари маълумотларига кўра, объект яксон этилган. Халқаро атом энергетикаси агентлиги Бушердаги атом электр станцияси, Фордодаги уранни бойитиш корхонаси ва Исфаҳондаги ядро объектига зарар етмаганини маълум қилган.

Исроил ҳужуми чоғида Теҳроннинг баъзи ҳудудлари ҳам зарба остида қолди, турар жой биноларига зарар етказилди. Tasnim агентлиги маълумотига кўра, пойтахтда 50 киши жароҳатланган, улардан 35 нафари аёллар ва болалардир.

Қизил Ярим ой вакилининг айтишича, Эроннинг 12 вилоятида 100 нафарга яқин одам жароҳатланган, улардан 95 нафари шифохонага ётқизилган. Бир қутқарувчи ҳалок бўлган, яна бири яраланган.

«Юқори аниқликдаги ва синхронлаштирилган операция»ни ўтказиш учун 200 та қирувчи самолёт жалб қилингани, жами 330 та турли ўқ-дорилар қўллангани, 100 дан ортиқ нишонлар йўқ қилингани маълум қилинган.

Эрон Исроил ҳужумига жавобан юзлаб дрон учирди. Дронлар бир неча соат давомида ҳавода бўлди, Исроил ҳарбийлари эса АҚШ ва Буюк Британия кўмагида уларни Ироқ ва Сурия осмонида тўхтатишни бошлади. Иордания ҳам ўз ҳудудидан ўтаётган дронларни уриб туширган. Натижада барча дронлар тутиб қолинди, деб ёзди «Едиот Ахронот» (Исроил мудофаа армияси ҳозирча буни расман тасдиқламади). Ҳозирга келиб Исроил ҳукумати аҳолининг бошпаналар яқинида бўлиши тўғрисидаги буйруқни бекор қилган.