Moody’s халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтингини Ba3 даражасида тасдиқлаб, прогнозни “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирди.
Ўтган ойда S&P халқаро рейтинг агентлиги ҳам Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бўйича кутилмани илк бор “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирганди.
Moody’s 13 июн куни тарқатган баёнотга кўра, агар Ўзбекистон ҳукуматининг жорий ислоҳотлари самарали амалга оширилса, вақт ўтиши билан мамлакатдаги институтларнинг сифати ошиши мумкин.
“Ҳукуматнинг хусусийлаштириш дастури ҳам, агар муваффақиятли амалга оширилса, ўсиш тенденциясини ошириши мумкин. Бу ислоҳотлар, фискал эҳтиёткорлик билан биргаликда, ўрта истиқболда иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаши ва мамлакатнинг ўсиш салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга имкон бериши мумкин.
Ba3 рейтингининг берилиши – Ўзбекистоннинг нисбатан диверсификацияланган иқтисодиётини, қулай демографик кўрсаткичларга эга мустаҳкам ўсиш истиқболларини ва қарз юкининг ўртача даражада эканини (асосан имтиёзли шартларда олинган) акс эттиради. Бироқ бу кучли жиҳатлар киши бошига тўғри келадиган даромаднинг пастлиги ва рақобатбардошликнинг етарли эмаслиги, институционал заифлик (яхшиланиб бораётган бўлса-да), шунингдек, мўтадил сиёсий хатарлар билан мувозанатлашган”, – дейилади агентлик ахборотида.
Ижобий кутилма учун асослар
Moody’s Ўзбекистон суверен рейтингида кутилмани “ижобий”га ўзгартириш учун асос бўлган омиллар қаторида қуйидагиларни санаб ўтган:
- Бошқарувни яхшилаш чоралари кўрилмоқда. 2024 йил ҳолатига, кузатув кенгашларидаги мустақил аъзолар улуши давлат корхоналарида 25 фоиз, давлат банкларида 40 фоизни ташкил этган.
- Коррупцияни тийиш учун “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кучга кирган. Давлат хизматчиларининг активларини декларациялаш ва коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши кутилмоқда. Маълумотларни очиқлаш ва шаффофлик йўналишида ҳам ижобий қадамлар ташланган.
- 2024 ва 2025 йилларда нархларнинг сезиларли ошишига олиб келган энергетика ислоҳоти ҳукуматнинг бундан-да мураккаб ислоҳотларни амалга ошира олиш салоҳияти ва қатъий ниятини кўрсатади. Бу ислоҳотлар 2027-2028 йилларга бориб электр энергияси ва газ таъминоти ўзини ўзи қоплаш даражасига етишига қаратилган.
















