Тошкент Кимё халқаро университети (ТКХУ) 2025 йил июнь ойида Япониянинг етакчи компаниялари вакилларидан иборат нуфузли делегацияни қабул қилди. Лойиҳа асосида ўзбек талабалари Япониянинг архитектура ва қурилиш соҳасидаги етакчи компаниясида ишлаш имконига эга бўлишади.
Миграция агентлигининг хабар беришича, Япония 10 минг нафар ўзбекистонлик мутахассисларни иш билан таъминлайди. Икки мамлакат ўртасида имзоланган келишувда Японияга виза тартибини соддалаштириш масаласи ҳам кўтарилган. Стратегик ҳамкорлик юзасидан Япониянинг Daiwa House қурилиш компанияси Тошкент Кимё халқаро университетига ташриф буюрди.
Делегация таркибида Daiwa House Industry Co., Ltd. бош директори Кеиичи Ёши, халқаро бизнес бўлими раҳбарлари, шунингдек, Tokio Marine & Nichido Fire Insurance компаниясининг Ўзбекистондаги вакили Муҳсин Ачилов ҳам иштирок этди.

“Университетимизда халқаро алоқаларга катта эътибор қаратамиз. Ҳамкорларимиз сони кундан кунга ортиб боряпти. Талабаларнинг энг асосий талаби – уларни иш билан таъминлаш. Бизнинг асосий стратегиямиз университет талабаларини халқаро миқёсда иш билан таъминлаш, уларни халқаро бозорга етказиш билан шуғулланамиз.
Бугун Япониянинг йирик Daiwa House компанияси раҳбарияти ташриф буюрди. Ўзи 2 йилдан бери Япония билан алоқаларимиз бор эди. Уларга малакали кадрларни тайёрлаб бериш, Японияда таҳсил олиш, амалиётларни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Daiwa House компанияси дунё бўйича йирик компания саналади”, - деди Архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш таълими йўналиши декани Камолиддин Саидов.

Делегацияни университет муассиси, профессор Алишер Ваҳобов бошчилигида университет жамоаси кутиб олди, учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Мулоқот давомида университетда Япония компаниялари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, битирувчилар учун Японияда амалиёт ва иш имкониятларини яратиш, илмий тадқиқот ва амалий лойиҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар университетдаги замонавий таълим муҳити билан яқиндан танишди. Улар Kimyo University Hospital клиникаси, илмий лабораториялар, фан ва инновация марказлари, аудиториялар ҳамда талабалар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, ТКХУдаги моддий-техник база, таълим жараёнига бўлган ёндашув ва рақамли таълим имкониятларини юқори баҳолашди.

















