Kun.uz Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт билан суҳбатлашди. Дипломатга кўра, Ўзбекистоннинг энг катта ютуқларидан бири – камбағаллар сонини қисқартиргани бўлди. Бироқ узоқ йиллар давлат иқтисодни бошқарган, ҳукуматга танбеҳ бериб бўлмасди. Биз Ўзбекистоннинг катта давлатлар таъсирига тушиб қолишини истамаймиз, дейди элчи.
Тимоти Смарт Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида 2023 йилнинг августидан иш бошлаган. Kun.uz билан суҳбатлашган дипломат республикадаги сиёсат хусусида ўз фикрлари билан бўлишди. Аввало, Буюк Британия ташқи сиёсатида Марказий Осиёнинг роли муҳимлигини айтди. Ўзбекистондаги ўзгаришлардан Буюк Британия ҳукумати ва инглизлар хабардор эканини қўшимча қилди. Сизнинг демократик тизимингиз яратилганига аслида энди 8 йил бўлди, деди элчи.
“Кўплаб ижобий кўрсаткичлар бор, аммо мен учун энг таъсирлиларидан бири — камбағаллик даражасининг 2016 йилда 30 фоиздан юқори бўлиб, бугун эса 10 фоиздан камайгани. Ҳозирда тахминан 7–8 фоиз, яқин келажакда 5 фоизгача тушиши кутиляпти. Бу 3 миллиондан ортиқ инсон камбағалликдан чиққани дегани. Бу ҳар қандай давлат учун фахрли натижа ва биз бу жараённи қўллаб-қувватлаймиз” – Тимоти Смарт, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси
Иқтисодиётда давлат иштирокининг устунлиги ва ёпиқ модел самарасизликка сабаб бўлди. Элчининг фикрича, биринчи маъмурият даврида давлатга танбеҳ бериш ёки ҳукуматга йўл-йўриқ кўрсатиш нотўғри саналган. Аслида ривожланиш ва ислоҳотларни халқ ва ҳукумат доимий мулоқотда бўлиб муҳокама қилиши керак. Айниқса, коррупция борасида давлат нима билан банд эканини халқ билиб туриши лозим.
Британиялик дипломатга кўра, икки томон ҳам олий даражадаги ташриф учун тайёргарлик кўрмоқда. Ўзбекистон президенти Европанинг Франция, Германия, Италия, Венгрия, Словения ва Словакия давлатларида бўлди. Бироқ минтақанинг асосий иқтисодий кучларидан саналган Буюк Британияга ҳали сафар қилинмаган. Элчига кўра, бу ташриф шунчаки рамзий аҳамиятга эга бўлмай, икки халққа манфаат келтириши керак.
“Ҳа, ҳозирча расмий ташриф амалга оширилмади. Лекин мен президентнинг Буюк Британияга ташриф буюришини жуда истардим. Ҳукуматимиз ҳам буни истайди. Буюк Британиядаги энг юқори даражадаги раҳбарлар мендан сўрашади: “Ўзбекистон ҳукуматидан асосий сўров нима?” деб. Жавобимиз аниқ — президентнинг ташрифи. Бундай истакни анча очиқ вa яққол эшитдик. Ҳозирча барча маълумотларни очиқ айта олмайман, аммо сўнгги юқори даражадаги вазирлик музокараларида айнан шу масала фаол муҳокама қилинди. Ушбу ташрифни фойдага айлантириш учун қандай аниқ натижаларга эришиш мумкин — айнан шуларни муҳокама қиляпмиз”






