Россия таълим вазири айрим МДҲ давлатларининг тарих дарсликларини ўзгартирмоқчи эканини эълон қилди. Kun.uz студиясида бунга муносабат билдирган сиёсий таҳлилчилар ўтмишда Россия томонидан Туркистон ўлкасида содир этилган қирғин, қатағон ва бошқа жиноятларни хаспўшлаб бўлмаслиги, аксинча, архивларни тўлиқ очиқлаш кераклигини айтди.
Бектош Бердиев: Россия томони жуда ошириб юборди. Масалан, Чингизхонни қаҳрамон деб баҳолаётганимиз йўқ-ку. Босқинчини босқинчи деймиз-да, бу тарихий факт ва бу нарсалар дарсликларимизда кўрсатилган. Ундан ташқари, Қутайба ибн Муслимнинг Марказий Осиёга бостириб кириб келгани ҳам факт. Рус босқини ҳам энг катта ва қонли босқинлардан бири ҳисобланади, биз уни нима дейишимиз керак?
Биласизми, ёши катта баъзи ватандошларимизда ҳам “руслар Марказий Осиёга маданият олиб келди” деган эскича қарашлар йўқ эмас. Рус миллатига ёки ҳозирги Россия давлатига ҳеч қанақанги душманона қарашимиз йўқ. Лекин, масалан, Скобелев келиб, иккита рус аскари ўлдириб қўйилгани учун ҳар бири учун 11 мингтадан 22 мингта аҳолини қатлиом қилганини биз қарсак чалиб кутиб олишимиз керакми? Кауфманнинг ишларини-чи?
Қанчадан қанча одамларнинг ёстиғини қуритган Жиззах қўзғолони... Айримлар айтадиган “маданият” кириб келиши учун шунчалик кўп одамларимиз билан тўлов қилдикми? Уларнинг хотирасини ёдга олмай, кўз юмишимиз керакми? Бу ерда ҳиссиётга берилаётганимиз йўқ, бор ҳақиқатни гапиряпмиз холос.
Шуҳрат Расул: Бизга нимани тиқиштирмоқчи бўляпти? Гўёки Чор империяси бизга “маданият етказувчи” бўлиб келди. Рус шовинист ёзувчиси Достоевский ўз кундаликларида: “Биз Осиёдаги мана бу ярим ёввойиларга господин – ҳукмдор бўлиб келдик, Европада ҳеч ким бизни бир тийинга олмайди, бу ерда биз европаликмиз, цивилизатормиз”, деб ёзган.
Ўзимизда ҳам баъзи ёши улуғ инсонлар “агар Россия келмаганида, биз Афғонистонга ўхшаб қолардик” деган фикрларни айтади. Бу – ўта пуч аргумент. Афғонистонни 10 йил бомбалаб, ўрта асрларга тиқиб келган – бу Россиянинг айнан ўзи. Россиянинг қадами етган Жанубий Корея қанақа-ю, қадами етган Шимолий Корея қанақа?
Қолаверса, жаноблар биздаги дарсликларни нега айнан ҳозир эслаб қолди? Ўзбекистон мактаб таълимида бугунги кунда ўтилаётган тарих дарсликлари асосан 1994 йилда ёзилган, 1995 йилдан бери ўқитиб келиняпти. Орадан 30 йил ўтиб, улар “дарсликларида бизни босқинчи деяпти” деб эслаб қолди. 30 йилдан бери нима қилиб юргандинглар?
















