2024 йил 17 декабр куни Фарғона шаҳридаги пропан шохобчасида содир бўлган портлаш 4 кишининг ўлими ва 9 кишининг жароҳат олишидан ташқари, 4,8 млрд сўмлик моддий зарарга ҳам сабаб бўлган. Бу – Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтириб ўтилган.
Суд ҳукмига кўра, ҳодиса вақтида ўша ерда бўлган 19 та автомобил, 4 кўп қаватли уй биноси ҳамда АЁҚШ бино-иншоотларига жами 4 млрд 786 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Зарар етган машиналарнинг 2 таси Nexia, 3 таси Tracker, 3 таси Lacetti, 5 таси Cobalt ва биттадан Equinox, BYD, BMW X3, Li 9, Kia K8, Man бўлган.
“Фарғона Лайли Нахор” хусусий корхонаси рабари Мансур Маткаримов судда айбига қисман иқрорлик билдирган.
“2024 йил январ ойида Азизхон ака билан (“Farg‘ona Layli Naxor” хусусий корхонаси таъсисчиси Азизхўжа Мавлонов – таҳририят) ўзаро оғзаки келишган ҳолда ундан мазкур хусусий корхонани ижарага олиб, АЁҚШда бир ўзим иш юритишни бошладим. Келишув бўйича Азизхон акага 2024 йил якунида қанча бензин ёқилғиси сотганим ҳақида ҳисобот топшириб, кўрилган фойданинг тенг ярмини унга беришим керак эди. Шу сабабли Азизхон акага ҳар ойда ижара пули тўламаганман.
2024 йил август ойида АЁҚШда бензин билан бирга пропан сотишни режалаштирдим. Бунинг учун хусусий корхона ҳудудидан жой тайёрладим. АЁҚШда таъмирлаш ишларини амалга ошириб, янги ускуналар билан жиҳозладим, пропан газ учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва 3 та қозон (цистерна) олиб келдим.
АЁҚШда пропан газ қўйиш учун жой тайёрлаганимдан хусусий корхона эгаси Азизхон аканинг хабари бўлмаган. Унга бу ҳақда айтмаганман.
Шундан сўнг пропан газ ўрнатиш учун қозонлар ва бошқа зарур эҳтиёт қисмларни ўрнатиш ишларини бошладим. Бунинг учун мазкур соҳа бўйича мутахассис ҳисобланган Баҳодир Тожиматов ишчилари билан биргаликда АЁҚШга келиб кетиб, 3 ой ишлади. 2024 йил ноябр ойи охирларида улар барча ишларни якунлаб, пропан газ қуйиш шохобчасини менга топширди.
Шохобчани “Ўзгазстандарт” ва бошқа тегишли давлат ташкилотларидан текширувдан ўтказмадим. Бироқ ушбу текширувдан ўтиш учун ДХМ орқали ариза бердим. Автомобилларга газ тўлдириш ускуналарига ва сиғимларга ким, қачон ва қандай ҳужжатлар тайёрлаб берганини эслай олмайман.















