11 июль куни Курдистон ишчилар партиясининг 30 нафар аъзоси, жумладан 15 нафар аёллар ўз қуролларини ёқиб юборди. Жума кунги маросим Ироқнинг шимолидаги Курдистон минтақасида жойлашган, Сулаймониядан 60 км шимоли-ғарбда жойлашган Дукан шаҳридаги Жасана ғорининг киришида бўлиб ўтди.
Маросимдан олинган видеоларда курдлар навбатма-навбат АК-47 автоматлари, ўқдонлар ва бошқа қуролларни катта кулранг қозонга ташлаётгани акс этган. Шундан кейин қуроллари ёқиб юборилган.


Воқеани гуруҳнинг тўрт нафар қўмондони кузатиб борди. Улардан бири – КИПнинг юқори лавозимли вакили Бесе Хозат турк тилида гуруҳнинг қуролсизланиш тўғрисидаги қарорини ўқиб эшиттирди:
«Биз, сизнинг ҳузурингизда, яхши ният ва қатъият белгиси сифатида қуролларимизни ихтиёрий йўқ қилмоқдамиз», — деди у. Кейин бошқа қўмондон айни баёнотни курд тилида ўқиб берди.

Reuters нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, маросим чоғида осмон узра вертолётлар айланиб учган, тоғли ҳудуд атрофини эса Ироқ курдлари хавфсизлик кучлари ўраб олган.
Маросимда Туркия ва Ироқ разведка ходимлари, Ироқ Курдистони минтақавий ҳукумати вакиллари ҳамда Туркиядаги курдларга оид мухолиф ДEМ партиясининг юқори мартабали аъзолари иштирок этди. Айнан ушбу партия бу йили КИПнинг қуролсизланиш қарорида муҳим воситачилик қилган эди.

Келгусидаги топшириқлар қачон бўлиши ҳозирча номаълум. Туркия ҳукумати вакили бу қурол топшириш жараёнини «қайтмас бурилиш нуқтаси» деб баҳолади. Яна бир манбага кўра, кейинги босқичда КИП аъзоларининг Туркия жамиятига қонуний йўл билан қайта интеграция қилиниши, ҳамжамиятларни соғломлаштириш ва ярашувни ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилади.


























