Сувайдадаги ҳолат – ўтган йил декабрида Башар Асад ағдарилганидан кейин мамлакатда конфессиялар ўртасида юзага келган илк тўқнашувлар бўлмоқда.

Бадавий қабилаларга мансуб жанчилар ва друзлар лашкари ўртасидаги тўқнашувлар илгари Ас-Сувайда шаҳридан шарқдаги асосан бадавийлар яшовчи Маквас ҳудудида бўлиб ўтган, бу ҳудудни друзларнинг қуролли гуруҳлари қуршаб олган ва кейин ўз назоратига олган.

Гувоҳларнинг маълумотига кўра, можаро 13 июл куни бадавий қуролли гуруҳлари Дамашққа олиб борувчи йўлда сабзавот сотувчи друзни ўғирлаб кетганидан бошланган. Бадавийлар шаҳардан ғарб ва шимолда жойлашган қишлоқларга ҳам ҳужум қилишган. Шундан кейин, друзлар жавоб тариқасида бошқа бадавийни ўғирлаган. Гарчи гаровга олинганлар кейинроқ қўйиб юборилган бўлса-да, 14 июл куни Ас-Сувайда шаҳри ташқарисида жанглар давом этган. Уйлар миномётлардан ўққа тутилган, ўнлаб одамлар яраланган. Сувайда кўчалари ҳувиллаб қолган, вилоят ғарбий қисмидаги тўқнашувлар ва қишлоқларнинг ўққа тутилиши оқибатида шифохоналар «ўнлаб ярадорлар» билан тўлган, Дамашқ-Сувайда шоссеси тўсиб қўйилган.

Сурия ички ишлар вазирлигига кўра, тўқнашувлар оқибатида камида 37 киши ҳалок бўлган, шундан 27 нафари – друзлар, қурбонлар орасида икки бола ҳам бор, шунингдек, бадавийлар томондан 10 киши ҳалок бўлган.

Шифокорлардан бири Reuters мухбирига Ас-Сувайдадаги давлат шифохонаси ўликхонасига камида 15 жасад келтирилганини айтган. 100 га яқин киши жароҳатлангани, улардан айримлари тиббий ёрдам кўрсатилиши учун Даръа шаҳрига олиб кетилгани хабар қилинган.

Сурияда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази эса камида 99 киши ҳалок бўлгани, шундан икки нафари бола, икки нафари аёл ҳамда 14 нафари хавфсизлик кучлари ходимлари эканини маълум қилган.

Sweida24 маҳаллий ахборот агентлигига кўра, душанба куни ҳам шаҳарда шиддатли тўқнашувлар қайтадан авж олди. Сурия мудофаа вазирлигидаги манба камида олти нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини маълум қилган.

Сувайда губернатори Мустафо ал-Бакур фуқаролардан «вазминлик кўрсатиш ва ҳукумат чақириқларига жавоб бериш»ни сўраган. Сурия друзларининг қатор диний раҳнамолари ҳам тинчликка чақириб, Дамашқдан вазиятга аралашишни сўраган.

Аввалроқ Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги вазият туфайли Даръа ва Сувайда вилоятлари ўртасидаги маъмурий чегарада хавфсизлик кучлари жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эди.

Таълим вазирлиги Сувайда ўрта мактабларида душанба кунига белгиланган расмий имтиҳонлар кейинга қолдирилганини эълон қилди.