Низом Тошкент ва Фарғона вилоятларида криминоген вазияти оғир маҳаллалар учун ички ишлар органлари профилактика соҳасида кўп йиллик амалий тажриба ва самарали натижаларга эга пенсионерларни шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш тартибини белгилайди.
Пенсионерлар шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига ихтиёрий тартибда, ички ишлар органлари томонидан танлов асосида жалб қилинади. Танловда иштирок этадиган пенсионерларнинг сони чекланмайди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш бўйича танловни ўтказиш вақтида пенсионерларга жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, қариндошларида судланганликнинг мавжудлиги, мулкий ҳолати ва мансаб мавқейи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек уларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек имтиёзлар бериш камситиш деб ҳисобланади ва бунга йўл қўйилмайди.
Ички ишлар органлари шартнома асосида муносиб пенсионерларни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш учун танлов ташкил этади ва ўтказади. Танловнинг ўз вақтида ва сифатли ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлаш учун Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ёки Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарининг буйруғи билан доимий фаолият юритадиган танлов комиссияси ташкил этилади.
Пенсионерларни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш чоғида танлов Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ёки Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбари томонидан тасдиқланган криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг рўйхатидан келиб чиққан ҳолда йилда камида бир марта ўтказилиши мумкин. Бунда:
- криминоген вазияти оғир маҳаллалар рўйхатини шакллантириш ҳудудий профилактика бўлинмалари раҳбарларининг асослантирилган маълумотларга кўра Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари томонидан амалга оширилиши ва тасдиқлаш учун Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматига киритилиши назарда тутилади;
- ҳар йил бошида тасдиқланган криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг рўйхатидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиниши лозим бўлган пенционерлар сонига аниқлик киритилади;
- пенсионерларни шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш учун тузиладиган шартномаларнинг амал қилиш муддати кейинги йил бошида криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг рўйхати тасдиқлангунига қадар амал қилади.
















