Владимир Путин терговчилар ва суриштирувчиларга судгача бўлган иш юритиш доирасида гумонланувчиларнинг ҳисобварақларидаги пул операцияларини 10 кунгача музлатиб қўйишга рухсат берувчи қонунни имзолади.
Давлат думаси 22 июлда ва Федерация кенгаши 25 июлда маъқуллаган ҳужжат Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритади. Унга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари гумонланувчининг ҳисобрақамларидан жиноят содир этишда фойдаланилган деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлса, операцияларни блоклаши мумкин бўлади.
Қонунда назарда тутилган 10 кунлик муддат ўтганидан кейин ҳисобрақамни хатловга олиш тўғрисидаги масала суд томонидан кўриб чиқилади. Агар блокировкани давом эттириш учун асослар топилмаса, терговчи ўз қарорини бекор қилиши ва бу ҳақда электрон пул маблағлари операторини, яъни банкни хабардор қилиши керак.
Шунингдек, қонун банкларга сўров олинган кундан бошлаб уч кун ичида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга молиявий ўтказмалар бўйича зарур маълумотларни тақдим этиш мажбуриятини юклайди. Агар сўров электрон шаклда юборилса, у ҳолда 24 соат ичида. Янги қоидалар 1 сентябрдан кучга киради.

















