Ҳар сафар телефонни қўлга олаётганда “атиги беш дақиқа фойдаланаман” деб мақсад қўясиз. Аммо гаджетга термилиб, ярим, ҳатто бир соатни қандай ўтказиб юборганингизни сезмай қоласиз. Мазкур ҳолат одатий чалғиш эмас, бу – миянгиз учун моҳирона ишлаб чиқилган психологик ва технологик тузоқ. Ижтимоий тармоқлар “чексиз айлантириш”, “автоматик бошланиш” ва шахсийлаштирилган тавсиялар орқали сизни виртуал дунёда узоқроқ ушлаб қолади. Ҳар сафар янги пост ёки видео кўрганингизда миянгиз “яна бир марта” деган мукофот сигналини олади. Натижада экрандан узоқлашгингиз келмайди ва тармоқдаги контентларни қанча узоқ томоша қилсангиз ҳам зерикмайсиз.
Онлайн платформалар кўнгилочар майдон ва ахборот олиш воситаси бўлишдан ташқари, улкан бизнес индустрияга ҳам айланди. Мазкур платформаларнинг асосий мақсадларидан бири фойдаланувчиларни иложи борича кўпроқ вақт давомида ушлаб қолишдир.
Бунинг учун ижтимоий медиа компаниялари неврология, психология ва сунъий интеллект тадқиқотларидан фойдаланган ҳолда, диққатни бошқарадиган кучли алгоритмлар ва дизайн механизмларини ишлаб чиқмоқда:
- “Infinite scrool” (чексиз айлантириш): фойдаланувчи экранни пастга силжитгани сари янгидан янги контент чиқиб келаверади ва бу оқим тугамайди, чексиз давом этади. Бу – мияга “кейинги пост қизиқроқ бўлиши мумкин” деган кутиш ҳиссини беради. Натижада одам экран олдида режа қилганидан анча кўпроқ вақт ўтказади.
- “Autoplay” (автоматик бошланиш): видео тугаши билан кейингиси автоматик тарзда бошланади. Бир видеони кўриб бўлган одам танаффус қилишга улгурмасданоқ кейинги контентга шўнғийди, янги видео танлаш ҳақида ўйламайди. Бу эса “яна бир марта кўрай” деган одатни шакллантиради. Мазкур механизмлар инсонни доимий равишда янгилик излашга мажбур қилади ва эътиборни жамлаш қобилиятини заифлаштириб, телефонга қарамликни оширади.
- Контентни шахсийлаштириш: ижтимоий тармоқларга интеграция қилинган сунъий интеллект алгоритмлари фойдаланувчининг ҳаракатларини кузатиб, унинг қизиқишига мос контентни кўрсатади, ушбу алгоритм одамни платформага янада боғлаб қўяди.
Ижтимоий тармоққа муккасидан кетиш нафақат руҳий, балки жисмоний саломатликка ҳам жиддий зарар етказади. Доимий билдиришномалар ва “янгиликларни ўтказиб юбориш қўрқуви” (FOMO) асаб тизимини зўриқтириб, инсонда стресс ва ташвиш ҳиссини кучайтиради. Бошқаларнинг “идеал” ҳаётини кузатиш эса ўзини уларга солиштиришга, натижада ўзидан норозилик ва тушкунлик ҳолатларининг ортишига олиб келади. Чексиз контент оқими мияни тез-тез чалғитиб, бир ишга узоқ эътибор қаратиш қобилиятини пасайтиради.







