АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия етакчиси Владимир Путин ўртасидаги тарихий дея баҳоланаётган учрашув 15 август куни Аляска штатида бўлиб ўтиши режалаштириляпти. Трамп “жуда машҳур жой” дея таърифлаган ушбу ҳудуд узоқ йиллар давомида Россия империясининг таркибида бўлган. Нега олтин ва нефт каби фойдали қазилмаларнинг жуда катта захираларига эга улкан ерлар америкалаикларга бериб юборилганди?
Алясканинг кашф этилиши
Аляска 1732 йилда Михаил Гвоздев ва Иван Фёдоровлар бошлиқ рус экспедицияси томонидан кашф этилган ва Россия империяси мулки деб эълон қилинади. Вақт ўтган сари руслар қитъа ичкарисига кириб боришни бошлашади ва 1,5 млн квадрат километрдан ортиқ ҳудудни ўз назоратларига олишга муваффақ бўлади. Узоқ йиллар бу ўлканинг империя учун бирор-бир нафи тегмаган, стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд сифатида ҳам қаралмайди.
1799 йилга келибгина Россия-Америка компанияси (РАК) ташкил этилади ва Аляска шу тузилма ёрдамида бошқарилган. РАК ўз ишларини мустақил ташкил этса ҳам тўғридан тўғри Россия ҳукуматига бўйсунарди.
Секинлик билан бўлса-да янги ҳудудларни ўзлаштириш, қалъалар, аҳоли пунктлари ва омборхоналар қуриш бошланади. ХIХ асрнинг бошларига келиб аляскаликлар мўйна савдосидан яхшигина даромад кўра бошлайди. Аср ўртасига келиб аҳоли сони 40 минг кишига яқинлашиб қолади.
Аляска нега сотилган?
Аляскани сотиш масаласини илк бор 1853 йилда Шарқий Сибир генерал губернатори Николай Муравёв-Амурский кун тартибига олиб чиқади. У томонидан император Николай I’га юборилган мактубда Россия Америкадаги мулкларидан воз кечиши кераклиги, рус империяси бу ҳудудларни кучайиб бораётган АҚШ тажовузидан ҳимоя қилиш учун ҳарбий ва иқтисодий салоҳиятга эга эмаслиги қайд этилади.
Бундан ташқари, 1853 йилда Яқин Шарқда ҳукмронлик қилиш учун Россия ва Туркия ўртасида Қрим уруши бошланади. Натижада давлат бюджетида катта танқислик юзага келиб, молиявий муаммолар бошланади. Империянинг ўз ҳудудларини ҳимоя қила олиш масаласи ҳам баҳсли омил ҳисоблана бошлайди.
Бу даврда Британия шиддат билан ўз таъсир доирасини кенгайтиришда давом этаётганди ва Аляскада икки давлат ўртасида тўқнашув юз бериши эҳтимоли ошиб кетади. Бундай шароитда руслар Аляскани Британиянинг асосий душмани бўлган АҚШга сотишни режа қилади ва шу орқали Қўшма Штатлар билан яхши алоқалар ўрнатишга умид боғлайди.
Шимолий Америкадаги ҳудудларни сотиш ҳақидаги илк расмий таклиф 1857 йил баҳорда Россиянинг АҚШдаги элчиси Эдуард Стекл томонидан билдирилади. Император Александр II’нинг укаси, денгиз флоти бош қўмондони Александр Константин Николаевич бу ғояни қўллаб-қувватлайди ва Ташқи ишлар вазири Александр Горчаковга ёзган мактубида паст даромадли ҳудудни сақлаб туришдан ҳеч қандай маъно кўрмаётганини айтади. Шу тариқа Аляскани сотиш масаласи элитар даражада муҳокама қилина бошланади.











