Қуйида тарихда турли давр ва ҳудудларда эркаклар қандай косметика воситаларидан фойдалангани ҳақида қизиқарли маълумотлар билан танишамиз:
Қадимги Миср: Эркаклар қора кўз бўёғи ва юздаги қизил ранг билан фарқланган
Милоддан аввалги 4000 йилларда мисрликлар “кўҳл” деб аталадиган қора кўз бўёғини қўллашган. Бу восита қўлланиши фақат гўзаллик эмас, балки қуёш нуридан, чўл чанги ва инфекцион кўз касалликларидан ҳимоя мақсадида ҳам бўлган.
Шунингдек, фиръавнлар ва зодагонлар юзларига қизил пигмент сурдириб, соғлом ва кучли кўринишни намоён қилишган. Уларнинг соқолига кўпгина миқдорда махсус мойлар суртилиб, терини юмшатиш ва парвариш қилиш таъминланган.
Mесопотамия: Ҳарбийлар ва ҳукмдорлар косметикани мақом рамзи сифатида ишлатган
Қадимги Месопотамияда эркаклар лаб ва юз терисини ранглаш учун минераллар, ўсимлик мойлари ва бошқа табиий моддалардан фойдаланишган. Ҳукмдорлар ва ҳарбийлар косметикани жанг олдидаги маросимларда, руҳий тайёргарлик ва мақомни кўрсатиш воситаси сифатида ишлатишган.
Греция ва Рим: Спортчилар ва римликлар юзни оппоқ қилишга уринган
Грек спортчилари зайтун мойи орқали мушакларини белгилаб-бўрттириб кўрсатишган, шу билан бирга терини қуёшдан ҳимоя қилишган.
Римлик эркаклар эса юз терисини оқартириш, соқолни юмшатиш учун асал ва сутли табиий ниқоблардан фойдаланишган. Бу нафақат гигиена, балки яхши ташқи кўринишга бўлган интилишнинг ҳам намунаси бўлган.
Осиё давлатлари: Юзни оқартириш ва хушбўй мойлар анъанаси
Хитой ва Япониядаги саройларда эркаклар юз терисини оқ рангга бўяш орқали юқори ижтимоий табақага мансублигини намоён қилишган. Ҳиндистонда эса аюрведа анъанасига мувофиқ сандал ёғи, гул суви ва турли зираворлардан тайёрланган косметик воситалар эркаклар томонидан фаол ишлатилган.
















