Якшанба куни бўлиб ўтган умумхалқ намойишларида полиция ўнлаб кишиларни қўлга олди, норозиликларни бостириш учун жисмоний куч ва сув пуркагичлардан фойдаланди. Al-Jazeera нашрининг намойиш ташкилотчиларига таяниб ёзишича, 17 август куни кечга қадар фақат Тел-Авивнинг ўзида ярим миллионга яқин одам норозилик намойишига чиққан – бу уруш бошланганидан буён энг йирик ва кескин чиқишлардан бири бўлди.

Фото: Aviv Atlas | Reuters

Хусусан, «Гаровдагилар ва бедарак йўқолганлар оилалари форуми» Тел-Авивдаги митингга қарийб 500 минг киши қатнашганини билдирган. Аммо полиция бу рақамни тасдиқламади.

Мамлакат бўйлаб мактаблар, корхоналар ва жамоат транспорти тўхтатилди. Бу ҳаракат асирлар оилалари ҳамда ҳалок бўлганлар оилаларини бирлаштирган икки гуруҳ ташаббуси билан ўтказилган «миллий ҳаракат куни»нинг бир қисми бўлди.

«Haaretz» газетаси ёзишича, ўнлаб исроиллик жамоат арбоблари иш ташлашни қўллаб-қувватлаб, унга қўшилган. Йирик касаба уюшмалари – адвокатлар, шифокорлар, бизнес форуми, шунингдек Қуддусдаги Иброний университети ҳам иштирокини тасдиқлади. Ресторан ва кафелар ҳам ёпилди.

Фото: Reuters

Намойишчилар Ғазода гаровда қолаётган 50 кишидан фақат 20 нафари тирик деб ҳисобланаётганини, уруш давом этса уларнинг ҳаёти хавф остида қолишини айтган.

«Ҳарбий босим асирларни қайтармайди – уларни ўлдиради, холос. Уларни қайтаришнинг ягона йўли – барчасини бирданига, ўйинларсиз алмашиш борасида келишув қилишдир», деган аввал асирликда бўлган Исроил фуқароларидан бири.