АҚШнинг Париждаги элчиси Чарлз Кушнер президент Эммануэл Макронга мактуб ёзиб, Францияни антисемитизмга қарши етарлича чоралар кўрмаганликда айблади. Мазкур очиқ мактуб 24 август куни WSJ газетасида чоп этилди. Бу воқеа Франция билан АҚШ ва Исроил ўртасидаги чуқур келишмовчиликлар фонида юз берди.
«Мен Францияда антисемитизмнинг кескин кўпайиши ва ҳукуматнинг бунга қарши етарли чоралар кўрмаётганидан чуқур хавотирланиб сизга мурожаат қиламан... Францияда «яҳудийлар кўчада ҳужумга учрамасдан, синагогалар ёки мактаблар таҳқирланмасдан, яҳудийларга қарашли бизнеслар вандализмга учрамасдан» бирор кун ҳам ўтмаяпти», дея очиқ хатдан иқтибос келтирмоқда The Guardian нашри.
АҚШ элчиси Эммануэл Макронни нафрат жиноятлари бўйича қонунларни янада қатъийроқ ижро этишга ва Исроилни танқид қилиш оҳангини пасайтиришга чақирди. Унга кўра, Франция ҳукумати томонидан Фаластин давлатини тан олиш ҳақидаги баёнотлар мамлакатдаги антисемитизм ҳодисаларини кучайтирди.
Франция Ташқи ишлар вазирлиги билдирган Чарлз Кушнернинг очиқ хатидан сўнг баёнот бериб, «навбатдаги айбловларни қатъиян рад этишини» билдирди.
«Франция бу айбловларни қатъиян рад этади. 2023 йил 7 октябрдан буён Францияда антисемитик хатти-ҳаракатларнинг кўпайгани ачинарли ҳақиқатдир ва Франция ҳукумати бу каби ҳаракатларга қарши курашишга тўлиқ содиқдир, чунки бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Элчининг айбловларини қабул қилиб бўлмайди» дейилади Франция ТИВ баёнотида.

Франция «Дипломатик муносабатларни тартибга солувчи Вена конвенцияси»га кўра, элчи баёноти давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик мажбуриятига зид келишини билдирган. Шунингдек, АҚШ элчиси Чарлз Кушнер 25 август куни Франция Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

















