Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу «Harvest Group» компанияси директорлар кенгаши раиси Алмаз Алсенов билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди ва учрашувдан фотосуратларни келтирди.
Бироқ, бир кун аввал Нуртлеу ҳибсга олингани ҳақида хабар берган Orda нашри вазирлик июл ойида худди шундай учрашув ҳақида хабар берганини ва шунга ўхшаш фотосуратларни илова қилганини пайқади.

4 сентябр куни Orda нашри Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, бизнесмен Гаджи Гаджиев ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг бир нечта юқори лавозимли ходимлари ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.
Бироқ, Қозоғистон президенти ҳузуридаги Марказий коммуникациялар хизмати Дезинформацияга қарши кураш маркази ушбу хабарни рад қилди. «Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ва бизнесмен Гажи Гаджиевнинг гўёки ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», дейилади марказ хабарида.







