Австралиялик блогер Белл Гибсон – замонамизнинг энг машҳур қаллобларидан. У йиллар давомида ўзини саратонга чалинган деб кўрсатиб, гўёки парҳез ва анъанавий тиббиёт ёрдамида даволанаётганини иддао қилиб келган. Ўзидан “саломатлик гуру”сини ясаб олган фирибгар ҳатто ўз мобил иловаси ва рецептлар китобини ҳам сотувга чиқарган.
Netflix'да “Олма сиркаси” номли мини-сериал чиқди. Сериалда ўзини гўёки саратон касаллигига чалинган ва ўзини ўзи табиий йўл билан даволаётгандек қилиб кўрсатган фирибгар ҳақида ҳикоя қилинади.
Бу фирибгарнинг исми – Белл Гибсон ва у тўқима персонаж эмас. 1991 йилда Австралияда туғилган Гибсон 2013-2015 йилларда ижтимоий тармоқларда инфлюэнсер даражасига чиққан. Forbes журнали унинг қандай қилиб сохта “саломатлик гуруси”га айлангани ва бирдан ҳаммасидан айрилгани ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Сохта муваффақият
Белл Гибсон 2013 йил май ойида Instagram'да @healing_belle номли аккаунт очади. Аккаунтнинг номи “Тузалаётган Белл” маъносини англатади. У одамларни лақиллатишни бошларкан, 2009 йили унга мия саратонининг охирги босқичи ташхиси қўйилгани ҳақида ёзган. Гўёки шифокор унга: “Сенда хавфли ўсимта бор, Белл. Сен ўляпсан. Атиги олти ҳафта, энг кўпи тўрт ой умринг қолди”, деган. Гибсон ўзидаги саратоннинг сабаби сифатида одам папилломаси вирусига қарши вакцинани кўрсатган.
Гибсон замонавий тиббиёт ёрдам бермаганини, балки фақат соғлом овқатланиш, машқлар ва комплекс ёндашув асосидаги чора-тадбирлар уни сақлаб қолганини айтган. Бу “мўъжизавий” ҳикоя эса тезда юз минглаб обуначиларни ўзига жалб қилган.

Шу тариқа, Гибсон қисқа муддатда Австралиядаги энг машҳур инфлюэнсерлардан бирига айланди. Унинг саҳифасига 200 мингдан ортиқ одам обуна бўлди. У тезда машҳурликдан фойда олишни ўйлади ва ўша йилнинг ўзида “The Whole Pantry” номли соғлом овқатланиш ҳақидаги мобил иловасини чиқарди. Иловани биринчи ойдаёқ 200 минг марта юклаб олишди ва Гибсон тахминан 1 млн доллар ишлаб олди.
Ўшанда Apple компанияси Гибсоннинг иловасини “йилнинг энг яхши озиқ-овқат ва ичимлик иловаси” деб тан олган. Elle Australia нашри Белл ҳақида: “Йилнинг энг илҳомлантирувчи аёли” дея мақола чиқарган. Cosmopolitan журнали эса унга “Қувноқ ва қўрқмас аёл” мукофотини берган.
Белл 2014 йилда Penguin нашриёти билан пазандалик китоби учун шартнома имзолайди. У хайрия акцияларини ўтказиб, турли нодавлат-нотижорат ташкилотларга 300 минг доллар хайрия қилганини айтади. Бу пайтда у ўзидаги саратон “бачадон, талоқ, жигар ва қон тизимига тарқалгани”ни даъво қиларди.

















