Болалар омбудсмани Тошкент вилоятининг бир қанча туманларида 2 мингга яқин боғча боласи заҳарланганига оид дастлабки ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Унга кўра, бундай нохушликлар болалар овқатланиши хавфсизлигини таъминлашга оид қонунчилик талаблари ва белгиланган стандартларга риоя этмаслик, бу борада назорат механизмларининг етарлича самарали йўлга қўйилмагани оқибатида юзага келмоқда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Тошкент вилоятидаги вазиятни айнан шундан деб баҳолаган.
“Албатта, тергов органлари томонидан ҳолатга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилиб, барча айбдор шахсларга қонун доирасида қатъий жавобгарлик чоралари кўрилиши шарт.
Шу билан бирга, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, жумладан таълим муассасаларида болаларнинг овқатланиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида соҳани тартибга солувчи стандартларга риоя қилиниши устидан алоҳида қатъий сифат назорати ўрнатилиши лозим.
Бундай сифат назорати механизми болалар овқатланишига оид хизматларни кўрсатиш тизимини доимий мониторинг қилиш орқали амалга оширилиши керак. Хусусан, хизмат кўрсатувчи (аутсорсер) корхоналар ўз фаолияти санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ олиб бораётганлиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган талабларга жавоб бериши ва бошқа стандартларга риоя этиш даражаси доимий ўрганилиши керак”, – дейилади изоҳда.
Қўшимча қилинишича, болалар овқатланишига оид хизматларни кўрсатишга оид шартномалар тузишда инсон омилини минималлаштириш орқали коррупциявий хавфларни бартараф этиш зарур.
Бундан ташқари, хабарда яна бир муҳим превентив чора сифатида болалар учун сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларни етказиб берган субъектларнинг мазкур фаолият билан қайта шуғулланишига йўл қўймайдиган қатъий механизм жорий этилиши келтирилган.
Таъкидланишича, бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан болалар овқатланиши хавфсизлиги соҳасидаги муаммоларни ўрганиш натижалари ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар мутасадди идораларга тақдим этилади.
“Болалар саломатлиги - миллат саломатлиги демакдир, уни сақлаш учун барча зарур чораларни кўришимиз, ҳар қандай хатарли омилларни бартараф этишимиз шарт”, – дея пост якунланади.
















