1983 йил. АҚШда Озодлик ҳайкали одамлар кўз ўнгида йўқолиб қолди ва қайта пайдо бўлди. Бу дунёга машҳур иллюзионист Дэвид Копперфилд томошаси эди. 2024 йил Ўзбекистонда юзлаб автомобил ғойиб бўлди ва қайта топилмади. Аммо бу қандайдир томоша эмас, “афсунгар” ролини қойилмақом ижро этган ИИБ ходимларининг иши эди. Ҳатто Голливуд филмларига сценарий бўла оладиган даражада мукаммал тузилган жиноий схема барибир фош бўлди ва 5 нафар ходим қамалди.

Kun.uz аввалроқ машина олди-сотдиси билан шуғулланиш ниқоби остида одамларни чув туширган уюшган гуруҳ ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда Наманган вилоятидаги яширин устахоналарда кузов ва двигател рақамлари ўзгартирилган ҳолда 1 йилда 300 га яқин машина гумдон қилингани ҳақида гап боради. Гуруҳ аъзолари давлат идоралари ходимларининг кўмагисиз бундай катта жиноятни амалга оширишлари қийин эди. Ушбу гуруҳга кўмаклашган, яъни уюшган гуруҳ аъзоси бўлган ИИБ ходимларининг кимлиги маълум бўлди.

Уюшган гуруҳ

2023-2024 йиллар давомида Ўзбекистонда юзлаб автомобиллар ғойиб бўлган. Уларнинг кўпи божхона чегара постлари орқали қўшни давлатларга олиб чиқилиб, сотиб юборилган. Айни шу фаолият – Ўзбекистонда бўлиб тўлаш шарти билан автомобил харид қилиб, сўнгра уни қўшни давлатларга олиб ўтиб пуллаш билан ўнлаб уюшган ва жиноий гуруҳлар шуғулланган. Kun.uz буларнинг бир нечтаси ҳақида суриштирувлар эълон қилганди.

Бироқ уюшган гуруҳлардан бирининг иши ҳаммасидан ошиб тушди. Ушбу гуруҳда жиноий схемани амалга оширишда муҳим бўлган шахслар тўпланганди. Жумладан, Наманган вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими инспекторлари. Улар – Бобуржон Эргашев, Маъшарип Обидхўжаев, Неъмат Мансуров, Эркин Мусулманов ва Равшан Эсанов. Уларнинг вазифаси уюшган гуруҳнинг бошқа аъзолари томонидан етказиб берилган автомобилларни ноқонуний тарзда давлат рўйхатидан ўтказиш бўлган.

Гуруҳга 1991 йилда Наманган вилоятида туғилган Акмалхон Ҳошимов раҳбарлик қилган. Шунингдек, уюшган гуруҳ таркибида Ҳабибулло Матисаев, Аброр Зайнутдинов, Умид Мамадалиев, Шуҳрат Далимов, Муродилло Баятов, Зухруддин Чалов, Севара Аҳмаджонова каби шахслар бўлган. Жиноят ишининг уларга оид қисми алоҳида иш юритувига олинган ва суд ҳукми ўқилган.

Гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўзига ажратилган вазифани бажарган. Гуруҳдаги асосий вазифа – ноқонуний ҳаракатга қонуний тус бериш ишини Навоий шаҳрида давлат рўйхатидан ўтказилган “Ихтисослашган аукцион авто-мулк маркази” МЧЖ раҳбари Муродилло Баятов ҳамда Наманган вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими инспекторлари амалга оширган.