Марказий банк “Марказий банк кредит ташкилотлари фаолиятига” доир қонунга кўра банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларни ўрганади. Жорий йилда ўтказилган текширувларда юқоридаги банкларда бир нечта қоидабузарликлар аниқланди.
TBC bank’ка санкция
Аниқланишича, банк расмий сайтида мижозларга берилиши керак бўлган минимал ахборот етарлича берилмаган, кредит шартномаларига оид гаров ҳуқуқлари гаров реестридан кечиктириб чиқарилган.
Шунингдек, онлайн микроқарзлар берганда мижозларнинг молиявий ҳолатини таҳлил қилмасдан қарз ажратилган, кредит қоплаши учун тушган маблағлар ўз вақтида қарздорликни сўндиришга йўналтирилмаган ва мурожаатларни кўриб чиқишда қонун талабларига риоя қилинмаган.
Шу сабаб регулятор TBC bankʼка 615 млн сўм жарима қўллашга қарор қилди. Банк томонидан қарз олувчиларга ортиқча ҳисобланган 2,5 млрд сўм фоиз ва суд қарорларидан кейин қонунга зид ҳисобланган 1,7 млрд сўм фоиз истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисобланди.
Давр банк — аниқланган қоидабузарликлар ва чора
Маълум бўлишича, банк бир хизматини истеъмолчига қўшимча хизматдан фойдаланиш шарти билан кўрсатган, хорижий валютада ажратилган кредитлар бўйича кунлик фоизлар нотўғри ҳисобланган.
Бундан ташқари, расмий сайт ва мобил иловада кредит хизматининг асосий хусусиятлари тўлиқ очиқланмаган.
Шартномалар мижоз ҳуқуқларини чекловчи ва қонун талабларига зид бандлар билан тузилган.
Гаров мулкига оид ёзувлар гаров реестридан кечиктириб чиқарилган.
Давр банк ҳам мурожаатларни кўриб чиқиш тартибига риоя қилмаган.
Шу сабабли унга 931 млн сўм жарима солинди. Хорижий валютада ортиқча ҳисобланган 1,7 млрд сўмлик фоиз, қонунга зид ушлаб қолинган 1,9 млрд сўм ҳамда гаров тақиқига оид 461,6 млн сўм тўловлар истеъмолчиларга қайтарилди.
Ҳамкорбанк — аниқланган қоидабузарликлар ва чора
Марказий банк Ҳамкорбанкнинг расмий сайт ва шартномаларида мажбурий қонуний талаблар етишмаслиги ҳамда кредит ажратишда қонунчиликка зид равишда бир марталик комиссиялар ундирилганини аниқлади.
Шунингдек, тижорат банки гаров мулкини тақиққа қўйиш ва тақиқни бекор қилиш учун хизмат ҳақлари олиб келган. Гаров ҳуқуқларига оид ёзувлар кечиктириб берилган. Мурожаатларни кўриб чиқишда қонуний талаблар бузилган.














