Жаҳон | 11:48 / 04.10.2025
1436
2 дақиқада ўқилади

Чехияда ўта муҳим парламент сайловлари бошланди

Чехия европапараст йўналиш ёки Россия томон бурилиш ўртасида танлов қилмоқда. Ўнг популист Андрей Бабиш етакчилик қиляпти, бош вазир Петр Фиала эса қўллаб-қувватловини йўқотмоқда.

Фото: Vit Simanek/CTK Photo/IMAGO

Чехияда парламент сайловлари бошланди, у мамлакат сиёсий йўналишини ўзгартиришга олиб келиши мумкин. Сайлов участкалари 3 октябр, жума куни соат 14:00 (Тошкент вақти билан 17:00)да очилди ва 22:00 (Тошкент вақти билан 01:00)гача ишлади, сўнгра шанба куни эрталаб очилади. Саккиз миллиондан ортиқ фуқаролар овоз бериш ҳуқуқига эга ва шанба куни соат 14:00 (Тошкент вақти билан 17:00)гача овоз бериши мумкин.

ANO партияси раҳбари, ўнг популист ва миллиардер Андрей Бабиш тўрт йиллик мухолифатдан сўнг ҳокимиятга қайтиш учун яхши имкониятга эга. STEM агентлиги томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, унинг сиёсий партиясини сайловчиларнинг 29,3 фоизи қўллаб-қувватлаган. Бабиш, бошқа нарсалар қаторида, Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш тарафдори.

Чехия бош вазири Петр Фиала ва унинг ўнг марказчи «Биргаликда» (Spolu) блоки эса ўз кучини йўқотмоқда ва фақат 20,5 фоиз овозга ишониши мумкин. Бизнесмен Томио Окамуранинг ўта ўнг, муҳожирларга қарши «Озодлик ва тўғридан тўғри демократия» партияси учинчи ўрин учун курашмоқда.

Социологларнинг фикрича, овоз бериш арафасида сайловчиларнинг учдан бир қисми ҳали бир қарорга келмаган. Nova каналидаги сўнгги теледебат пайтида рақиблар бир бирини ёлғончиликда айблади. Бабиш Европа Иттифоқининг "яшил келишув", миграция пакти ва эмиссия савдоси тизими каби ташаббусларини кескин танқид қилди. Фиала эса Бабишнинг «мамлакатни шарққа судраб бориши» ҳақида огоҳлантирган.

«Россия бизни синаб кўрмоқда ва шунинг учун биз кучли бўлиб қолиш мақсадида қўлимиздан келганини қилишимиз керак», деди 61 ёшли бош вазир сайловчиларга мурожаат қилиб.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид